Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳаракатланиб кетаётган юк транспорт воситасининг бир дона газ баллони портлаб кетди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 12 май куни 14:30 ларда Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган М39 Тошкент—Термиз халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 1015-километрида Бухоро шаҳридан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи А.Н.га тегишли юк транспорт воситасининг бир дона газ баллон мосламаси портлаб кетган.
Ҳодиса оқибатида худди шу йўналишда бўлган Lacetti транспорт воситасининг олд ойнасига шикаст етган.
Ҳайдовчининг сўзларига кўра, ҳодиса газ заправкадан чиқиб, 5 километр юргач содир бўлган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Май бошларида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Nexia газ баллони портлаб кетганди. Март ойларида эса Тошкент вилоятидаги метан заправкада “Газель”нинг газ баллонида чақнаш содир бўлган эди.
Изоҳ (0)