Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб нақд пулдаги тўловлар учун кешбэк қайтарилиши бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
“Дарё” танишиб чиққан ҳужжат лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб чакана савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш соҳаларида жисмоний шахслар томонидан тўловлар мобил иловалар (нақдсиз) ва пластик карта орқали амалга оширилганда 1 фоиз миқдорида кешбэк қайтарилади ҳамда тўловлар нақд пулда амалга оширилганда кешбэк қайтариш тартиби бекор қилиниши белгиланмоқда.
Солиқ қўмитасининг “Газета.уз”га маълум қилишича, ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққанлар нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бўйича кешбэкларни 2 фоизгача ошириш вариантини ҳам муҳокама қилмоқда.
- Маълумот учун, чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харид учун берилган чеклар учун кешбэк 2022 йилдан берила бошлаганди.
- 2024 йил январдан аҳолига қайтариладиган 1 фоизлик кешбэк суммасига чегаравий миқдор ўрнатилди.
Изоҳ (0)