Статистика агентлиги томонидан “Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати ва камбағаллик чегарасини ҳисоблаш тартиби тўғрисида низом”га асосан минимал истеъмол харажатлари қиймати қайта ҳисобланди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Статистика агентлиги томонидан 2024 йил 1 майга қадар ёқилғи-энергетика ресурслари нархи ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматини қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиш белгиланган.
Статистика агентлиги шунга асосан минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаб чиқди.
Унга кўра, 2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этади (2024 йил январда эълон қилинган қиймат 621 минг сўмни ташкил этган).
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Маълумот учун, 2022 йилда йил минимал истеъмол харажатлари қиймати 498 минг сўм этиб белгиланганди. 2021 йилда бу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этган.
Изоҳ (0)