Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева инсультни бошдан кечирди. Бу ҳақда унинг қизи Муқаддас Саъдуллаева Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.
— Икки кун олдин юрагим ёрилишига озгина қолди. Соат 12:20 ларда опам йиғлаб қўнғироқ қилдилар. “Тинчликми?”, десам онамнинг мазалари қочгани, инсульт аломати борлигини, тезда ота ҳовлимизга келишимни айтдилар. Тезда етиб бордим. Қарасам онам яхши гапиролмаяптилар, чап тарафлари яхши ишламаяпти. Тез ёрдам етиб келди, онамни зудлик билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб кетишди. Тез ёрдам машинасида опам билан биргаликда онажонимнинг олдиларида кетдик. Онажоним тинмай тиллари айланиб-айланмай “Мен умрага боришим керак, Маккага боришим керак, бораман-а. болам?”, деб зўрға гапирдилар. Ҳар сафар гапиришга ҳаракат қилганларида лабларини чап тарафи қайрилиб ичига буралиб сўзлар тилларидан яхши чиқмай қоларди. 5 май куни умра сафарига бормоқчи эдик. Энди сафарни қолдирдик.
Инсульт тўсатдан бўлган, кечаси тушларида дадажонимни кўрибдилар. Дадажоним уч даста гул билан онамнинг олдиларига келибдилар. Шу тушларини опамга телефонда сўзлаб бераётганларида тўсатдан гапларини охирига етказа олмай тиллари айланмай, чап тарафлари ҳаракатдан қолибди, — деб ёзади Муқаддас Саъдуллаева.
Гулчеҳра Саъдуллаева 12 апрель куни 74 ёшни қарши олди. Ушбу сана муносабати билан актрисанинг фарзандлари катта байрам ташкиллаштириб, унга умра йўлланмасини совға қилган эди.
Изоҳ (0)