Ҳар қандай парҳезнинг асосий қоидаси бу — куннинг қолган қисмида сизга тетиклик ва куч бахш этувчи тўйимли ва фойдали нонушта. Қуйида парҳез қилаётганлар нонуштасига киритиши керак бўлган учта асосий ўзгартиришлар ҳақида сўз юритамиз.
Нонуштани ўтказиб юборманг
Эрталаб нонушта қилмай уйдан чиқиш — ортиқча вазнни йўқотишда қийналадиган инсонларнинг энг кўп такрорлайдиган хатоси. Эрталаб овқатланмаган инсон тушликда кўпроқ зарарли маҳсулотларни кўнгли тусаб қолади.
Эрталабки овқатни ўтказиб юбориш қанд касаллигининг ривожланиш хавфини 21 фоизга оширади. Халқаро илмий гуруҳ 18 йил давомида 6500 нафар америкалик аҳолининг нонушта қилиш тартибини кузатди. Ундан воз кечиш юрак-қон томир касалликлари ва ўлим хавфининг ошишига олиб келди.
Нонушта метаболизмни ишга туширишга ва уйқудан кейин танадаги ресурсларни тиклашга ёрдам беради. Энг яхши вариант — уйқудан тургач бир соатдан кейин нонушта қилиш.
Тонгда илиқ сув ичиш ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди ва организмнинг вируслар билан курашишига ёрдам беради.
Уйғонгач, дарҳол қаҳва ичманг
Кўпчилик учун одат бўлиб қолган оч қоринга қаҳва ичиш аслида зарарлидир. Қаҳва ошқозон деворини тирнайди, оғриқ келтириб чиқаради ва кортизол (стресс гормони) миқдорини оширади. Натижада қорин тез очади, инсоннинг кайфияти ёмонлашиб, асабийлаша бошлайди. Оч қоринга ичилган қаҳва ошқозон ширасининг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилишига олиб келади.
Унда нонуштага нима ейиш мумкин?
Эрталабки фойдали таом қоидасига кўра, ликопнинг 50 фоиз қисми сабзавотлардан, 25 фоиз қисми оқсилдан ва қолган 25 фоизи мураккаб углеводлардан иборат бўлиши лозим.
Мазкур “Гарвард ликопчаси” усули ҳар бир озиқ-овқатни ўлчаш ва калорияларни ҳисоблаш одатидан воз кечишга ва асабингизни майда ишлар учун сарф қилмасликка имкон беради.
Парҳез қилишда танлаган маҳсулотингиз фойдали ва узоқ муддатга тўйинганлик ҳиссини бериши лозим.
Изоҳ (0)