Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) мутахассислари Ўзбекистон Қуролли кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази фаолияти билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, дастлаб делегация аъзоларига марказнинг ўқув-моддий базаси ва ўқув хоналарида яратилган шароитлар таништирилган. Шундан сўнг меҳмонларнинг ўзаро танишув суҳбати ҳамда масъул шахслар иштирокида брифинг ўтказилган.
“Брифинг давомида марказ шахсий таркиби ва курсантларга НАТО ҳарбий ҳамкорлиги тўғрисида тегишли маълумотлар берилди”, — дейилади хабарда.
НАТО ходимлари марказда ўқиётган курсантлар учун ҳарбий альянсга аъзо давлатларда сержантларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича бир қатор мавзуларда машғулотлар ташкил этган ҳамда мавзу бўйича ўзаро фикрлар алмашган. Ҳамкорликдаги ўқув-услубий машғулотлар 20 апрелга қадар давом этади.
- Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда НАТО мутахассислари тўрт кун давомида Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида машғулотлар ўтказган эди.
- 2023 йил октябрь ойида эса Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Жанубий Кореяда НАТО стандартлари асосида ўтказилган халқаро илмий жанговар тайёргарлик мусобақасида ғолиб бўлганди.
- Иккинчи ўринга АҚШ ва Корея жамоалари эга чиққан.
Изоҳ (0)