Афғонистонда кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида камида 66 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда расмийларга таяниб, Аrab News хабар берди.
Қурбонларнинг кўпчилиги уйлари қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган. Республиканинг аксарият вилоятларида уйлар, инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, камида 66 киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳат олди”, — дейди табиий офатларни бошқариш миллий бошқармаси матбуот котиби Жанан Сайиқ.
Табиий офат оқибатида 600 бош чорва нобуд бўлган, 1235 та уйга зарар етган. Мамлакатнинг 34 вилоятидан 23 тасида сув тошқини қайд этилган. Бу экинларга зарар етказиб, озиқ-овқат хавфсизлигига янада таъсир қилиши мумкин.
“Буғдой экинлари бир неча ҳафтадан сўнг йиғиб олишга тайёр бўлади. Аммо ёғингарчилик унинг катта қисмини йўқ қилиши мумкин”, — дейди Лағмон вилоятидан фермер Гул Ҳусайн.
Кучли ёмғир ва сув тошқинлари Форс кўрфази минтақасини ҳам қамраб олган. Уммонда камида 18 киши ҳалок бўлди, Бирлашган Араб Амирликларида эса барча парвозлар тўхтатилди. Баҳрайн, Қатар ва Саудия Арабистонида ҳам кучли ёмғирлар кузатилмоқда. Бундан ташқари қўшни Қозоғистонда ва Россияда ҳам сув тошқинлари кузатилиб, талафотларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)