Ўзбекистон делегацияси Германияга ташриф доирасида таълим бўйича қатор келишувларга эришмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Айни пайтда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги делегация аъзолари Германияда бўлиб турибди. Ташриф доирасида вазирлик ҳузуридаги “Янги Ўзбекистон” университети ва Ингольштадт амалий фанлар университети ўртасида англашинув меморандуми имзоланди. Келишувга кўра, эндиликда ўзбек талабалари Ингольштадтнинг яқин ҳамкори ҳисобланувчи Audi ва BMW каби корхоналарида амалиёт ўташлари мумкин бўлади.
Шу билан бирга, Митвайда амалий фанлар университети билан икки дипломли магистратура дастурини ташкил этиш тўғрисидаги англашинув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга асосан, Саноат бошқаруви – инновация ва бизнесни ривожлантириш дастурида ўзбекистонлик талабалар иккинчи семестрни Германияда давом эттиради.
Ташриф давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлик масъуллари Мюнхен техника университети профессор–ўқитувчилари билан алмашинув дастурини кенгайтириш бўйича музокара олиб бормоқда.
Германияда ўзбекистонлик меҳмонлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Учрашувларда талабаларни саноат соҳасида тайёр кадр бўлиб етишиши учун Ўзбекистонда турли лабораториялар очиш, Siemens компанияси томонидан лаборатория ўқув машғулотларини ўтказадиган алоҳида тренажёр марказлари ташкил этиш сингари келишувларга эришилган.
Қўшимча қилинишича, Германияда ташкил этилган симпозиумда Энергетика вазирлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, Uzbekistan Airways АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” ва бошқа корхоналар вакиллари ҳам иштирок этган. Симпозиум давомида Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича амалга оширилган ишлар ва келажакда Германиянинг илғор тажрибаси асосида яхлит тизим яратиш бўйича режалар ҳақида суҳбатлашилган.
Изоҳ (0)