Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги мактабда ўқитувчи ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланди. Бу ҳақда “Дарё” кузатувчиларидан бири хабар берди.
Айтилишича, воқеа вилоятнинг Тошлоқ туманидаги 25-мактабда содир бўлган.
Ҳақиқатан ҳам, 25-мактабда шунақа ҳолат содир бўлган. Ўқитувчининг қоши ёрилган. Воқеа ҳақида ИИБ ходимларига ҳам хабар берилган. Айни пайтда ўқитувчи шифохонада, — дейди “Дарё”га келган маълумотни тасдиқлаган вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалолов.
Масъулга кўра, калтакланган ўқитувчи мактабда жисмоний тарбия фанидан дарс бериб келади.
“Дарё” манбасига кўра, ўқитувчи мактабнинг 9-синф ўқувчиси билан қарама-қаршиликка борган. Шундан сўнг ўқувчининг қариндошлари мактабга келиб, ўқитувчи билан кўришмоқчилигини билдирган ва юқоридаги ҳолат рўй берган.
Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоил Шарипов воқеа ҳақида суриштириб, батафсил маълумот беришини маълум қилди.
Таҳририятда айни пайтда ўқитувчининг аҳволи ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Изоҳ (0)