Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида майнинг ферма ташкил этган шахс аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Қарши шаҳри “Ойдин” МФЙдаги хонадонда яшовчи А.Э. ўз уйида 11 дона тўпламдаги майнинг крипто-актив қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 238,9 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ пойтахтда электр энергиясига ноқонуний тарзда уланиб, 1,5 миллиард сўмлик зарар етказган майнинг ферма аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда иккита майнинг ферма давлатга салкам ярим миллиард сўм зарар етказгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)