2023 йилни ўзининг Eras номли дунё гастроллари билан ўтказган қўшиқчи Тейлор Свифт илк бор Forbes’нинг миллиардер инсонлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Правила жизни” нашри хабар берди.
Тейлор фақатгина хонандалик ижодий фаолиятидан олган даромади асосида миллиардерлар рўйхатига кирган биринчи санъаткор бўлди. Маълумотларга кўра, ҳозирда унинг бойлиги 1,1 миллиард долларни ташкил қилади.
Тейлор Свифт миллиардерлар рейтингида 2545-ўринни эгаллади. Юлдузнинг капитали дунё бўйлаб гастрол сафарлари, стриминг платформаларидан тушган рекорд даражадаги даромадлари ҳамда сотилган дискларидан келган фойда орқали кўтарилиб бормоқда.
Forbes нашри қайд этишича, Тейлор Свифт бешта қитъа бўйлаб Тhе Eras Tour гастрол сафарларида бўлган ва 2023 йилда жиддий меҳнат қилган. У миллиардерлар рейтингига фақатгина қўшиқлари ва концерт дастурлари асосида кирган биринчи хонанда ҳисобланади.
Экспертлар Тейлорнинг кўчмас мулклари қийматини ҳам ҳисоблаб чиқди. Юлдузга тегишли уйларнинг умумий нархи 125 миллион доллардан ортади.
Свифт жорий йилнинг апрель ойида ўзининг янги альбомини тақдим этиши режалаштирилган. Тинимсиз меҳнатда бўлган поп юлдуз миллиардерлар рўйхатида янада юқори поғонани эгаллаши кутилмоқда.
Изоҳ (0)