Тошкент ҳайвонот боғида ҳайвонларни парваришлаш ва даволаш харажатлари ўсиши муносабати билан 2 апрелдан кириш чипталари нархи оширилди. Бу ҳақда боғ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳайвонот боғи маъмурияти жониворларнинг парвариши, саломатлиги ва фаровонлиги учун доимо сармоя киритишини, бироқ буларнинг барчаси катта молиявий инвестиция талаб қилиши, улар эса нархларнинг ўсиши билан ортишини билдирган.
Эндиликда кириш чипталарининг нархи қуйидагича бўлади:
- 7 ёшдан 16 ёшгача болалар учун — 25 минг сўм (аввал 20 минг сўм);
- 16 ёшдан катталар учун — 40 минг сўм (аввал 35 минг сўм);
- нафақадаги фуқаролар учун — 25 минг сўм (аввал 20 минг сўм);
- хизмат ўтаётган ҳарбийлар учун — 25 минг сўм (аввал 20 минг сўм);
- имконияти чекланган шахслар учун — бепул;
- 7 ёшдан кичик болалар учун — бепул.
Бу қарор, шунингдек, чорва еми нархининг ошиши, коммунал хизматлар (электр энергияси, газ, сув) нархи ошиб кетишининг ўрнини қоплаш ва ҳайвонларимизни парвариш қилишни юқори даражада сақлаш зарурати билан боғлиқ, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелда ҳам Тошкент ҳайвонот боғига кириш чипталари учун нархлар оширилганди.
Изоҳ (0)