Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги мактаб ўқитувчилари “Ташаббусли бюджет”га овоз тўплаш учун бозорда юргани айтилди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга изоҳ берди.
Айтилишича, мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар давомида мактаб ўқитувчилари А.Н. ва Ў.Д.лар якшанба, дам олиш кунида ўз эҳтиёжлари учун Ургут бозорига борганида бозорда қариндошларини кўриб қолиб, мактаблари учун “Ташаббусли бюджет”га овоз беришларини даъват этгани маълум бўлди.
Мактабда спорт зали мавжуд эмаслиги, иситиш тизими ҳамда том қисмининг таъмирталаблиги, мавжуд ҳожатхона кичкиналиги сабабли янги ҳожатхона қуриш зарурлиги аниқланди. Президентнинг “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 13-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига ҳудуддаги халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш вазифаси юклатилган.
Шундан келиб чиқиб, мактабни таъмирлаш ишларига амалий ёрдам сўраб Жомбой туман ҳокимлигига хат чиқарилди.
Изоҳ (0)