Самарқанднинг Каттақўрғон туманида фуқаро 9 туп дарахт кесилиши ортидан 23 миллион сўм тўлайдиган бўлди.
Вилоят Экология бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, туманнинг “Полвонтепа” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 автомагистрал йўли ёқасидаги тарозихона атрофида ўсиб турган 2 туп тол дарахти ҳеч қандай рухсатларсиз кесилгани ҳамда 7 туп тол ён шохлари кесиб шикастлантирилгани аниқланган.
Суриштирувлар натижасида ҳолат шу маҳаллада яшовчи фуқаро Р.У томонидан содир этилгани аниқланган, бироқ у давлат инспекторларига қўпол муомалада бўлиб, қонунга бўйсунмаган ва ҳолат жойидан қочиб кетишга уринган.
Шу боис ушбу фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми биноан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10,2 миллион сўм миқдорида жарима ва 12 миллион 750 минг сўм миқдорида ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланди ҳамда ҳар бир ноқонуний кесилган дарахтлар ўрнига 10 тупдан янги кўчатлар экиб, уч йил давомида парвариш қилиш шарти қўйилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузар ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилди.
Изоҳ (0)