Сем Банкмен-Фрид ўзининг криптовалюта биржаси FTX инқирозидаги роли учун 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Хабарга кўра, у пул тикиш учун мижозлар маблағларидан миллиардлаб долларларни ўғирлаш орқали катта зарар келтирган.
Ўтган йили еттита фирибгарлик ва пул ювишда айбланган 32 ёшли Сем ўз ҳаракатлари жиноят эканлигини биларди, — деди судья Луис Каплан 28 март куни Манхеттен федерал суд мажлисида.
Банкмен-Фрид ҳукм эълон қилинишидан олдин бир оз афсусда эканлигини айтган.
Банкмен-Фрид энг машҳур криптовалюта раҳбарларидан бири бўлган. FTX компанияси 2022 йил ноябрь ойида банкротлик тўғрисида ариза берган. Бир йил ўтиб, Банкмен-Фрид айбдор деб топилган.
Нью-Йоркнинг жанубий округи бўйича АҚШ адвокати Дамиан Уильямснинг айтишича, Банкмен-Фрид тарихдаги энг йирик молиявий фирибгарликлардан бирини уюштириб, мижозларининг 8 миллиард доллардан ортиқ пулини ўғирлаган.
Собиқ крипто қиролининг адвокатлари уни олти ярим йилдан кўп бўлмаган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўрашган. Прокурорлар Банкмен-Фрид эртароқ қўйиб юборилса, яна жиноят содир этиши мумкинлигини даъво қилиб, 50 йилгача қамоқ жазосини талаб қилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, FTX инвесторлари 1,7 миллиард доллар, кредиторлар 1 миллиард доллар ва мижозлар 8 миллиард доллар йўқотган. Банкмен-Фриднинг адвокатлари 11 миллиард долларлик зарарни қоплаш тўғрисидаги қарорни ўз ичига олган ҳукм устидан аппеляция беришни режалаштиришган.
Изоҳ (0)