Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида баҳор мавсумида маҳаллаларда ва кўп қаватли уйлар атрофида, йўллар ва каналлар бўйидаги ерларга дарахт экиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Пойтахтда амал қилаётган йирик қурилиш лойиҳаларида майдоннинг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбурияти барча вилоятларда жорий қилиниши белгиланди.
Экология вазирлигига “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш топширилди. Бунга бюджетда назарда тутилган 50 миллиард сўм ажратилади. Жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат паркларини ташкил қилишга кўрсатма берилди.
Олдинроқ Тошкент вилоятида дарахт экиш бўйича бошланган лойиҳага кўра, Нурафшон, Бекобод шаҳри, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилиши хабар қилинганди. Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади.
Изоҳ (0)