Бугунги кунда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига вайнер сифатида яхши таниш бўлган актриса Хонзода Дўстова асли санъаткорлар оиласида дунёга келган. Унда актёрлик маҳорати билан бирга, вокал қобилияти ҳам юқори эканлигини эътироф этишади.
“Рашк сабаб дадам онамнинг ижод қилишини истамаган”
— Болаликда жуда шўх, ерга урса кўкка сапчийдиган қиз бўлганман. У пайтларда кўп қаватли уйда турардик. Ёзги таътил кунлари тушлик пайтида бирорта боланинг кўчага чиқиб ўйнашига йўл қўймасдим. Маҳалла болалари ўртасидаги муаммолар албатта менинг иштирокимда ҳал бўларди. Оилада икки фарзандмиз, акам бир оз эрка эди. Ота-онам бирор марта акамнинг ортидан ортиқча гап эшитишмаган. Аммо болаларни урган, тартибга чақирган ҳамиша мен бўлардим. Хонзода, деса ҳамма танирди. Санъаткор бўлишимга ҳеч ким шубҳа қилмасди. Отам ҳар доим тўй хизматлари ва ижодий сафарлар билан банд эди. Турган гапки, ҳамма оилада бўлганидек, тарбиямиз билан онам кўпроқ шуғулланарди. Онам ҳам санъаткорлар оиласида тарбия кўрган ва болаликдан санъаткор бўлишни орзу қилган. Отам билан бир олийгоҳда ўқиётганида оила қуришган. Аммо рашк сабаб дадам онамнинг ижод қилишини истамаган. Онам кўнглига кўмиб қўйган ижод меҳрини бизга бағишларди. Бошқа оналар фарзанди билан ўйин ўйнаса, бизнинг уйда янги қўшиқ ўрганиларди. Хуллас, мана шундай муҳит сабаб акам ва мен санъатга меҳр қўйганмиз. Аммо менда актрисаликка мойиллик кўпроқ эди.
“Букри бўлиб қолишинг мумкин”
— Ўсмирлик вақтида бўйим баландлиги ва озғинлигим сабабли менда букри бўлиб қолиш эҳтимоли юқори эди. Шунда рақс мактабига борса, қомати чиройли бўлади, деб мени Хореография олий мактабига беришган. У ердаги муҳит ҳар томонлама маъқул эди. Аммо мактабни тамомлаш арафасида отам санъатга бўлган меҳрим кучлилигини кўриб, ҳужжатларимни олиб Жаҳон тиллари университети қошидаги академик лицейга топширган. Тил ўрганишга умуман иштиёқим йўқ эди. Ноиложликдан дарсларга бориб юрганимда, тенгдошларимдан анча ортда эканлигимни англаганман. Мен табиатан лидерликка интиладиган инсонман. Дадамга “Санъаткор бўлишимни истамасангиз, репетиторимга пул берасиз”, деб дарсдан кейин ўқув курсларига қатнаганман. Жуда қисқа муддатда инглиз тилини ўрганиб, тенгдошларим ичида биринчи бўлганман, — дейди Хонзода Дўстова.
“Каран Жоҳар ва Шоҳрух Хон билан ишлаш учун инглиз тилини ўргандим”
— Болаликдан ҳинд киносининг шайдоси бўлганман. У пайтлари ижарага видеокассеталар бериларди. Топган пулимга янги видеокассетани олиб, ундаги қўшиқдан тортиб рақсларгача ўрганиб олардим. Каран Жоҳар ва Шоҳруҳ Хон ижодига меҳрим баланд эди, “Албатта ҳинд киносида суратга тушаман”, дердим. Шунда кимдир улар билан гаплашиш учун инглиз тилини ўрганишим кераклигини айтди. Ана шу кундан бошлаб инглиз тилини ўрганишни бошладим. Ишонасизми, санъатга бўлган меҳрим сабаб 4 йилда инглиз тилини ўрганиб, IELTS’дан 7,5 балл олдим. Ундан кейин репетиторлик қилишни бошладим. Мен ўқитган ўқувчиларнинг кўпи ўзимдан ҳам ўзиб кетган. Бир нечтаси ИНҲА университетига ўқишга киришди, IELTS’дан юқори балл олишди.
“Ректоримиз куёв топишга ваъда берган”
— Дадам санъаткор бўлса-да, бу соҳани эгаллашимга жиддий қаршилик қилган. “Қиз болага мос касбни танла” деган гапни кўп марта эшитганман. Шу боис Ўзбекистон давлат санъат ва маданият олийгоҳига кирганимни ҳам яширганман. Ўқишга топширганимни эшитганида уйимизда қиёмат жанжал бўлган. Ҳатто, институтга келиб, ҳужжатларимни қайтариб олиб ҳам кетмоқчи бўлган. Институтнинг ўша пайтдаги ректори Бахтиёр Сайфуллаев қабулига чақириб: “Қизингда истеъдод бор, нега ҳужжатларини оласан?” деганида дадам “Эрта бир кун қизимни узатишим керак, санъаткор бўлса...”, деганда ректоримиз “Хавотир олма, шартнома асосида ўқишга қабул қилинса пулини ўзим тўлайман, институтни битирганидан кейин яхши куёвни ҳам ўзим топаман”, деб розилик олганди.
“Ўғрилик қилаётганим йўқ-ку, бир марта имкон беринг”
— Институтнинг иккинчи курсида ўқиётганимда “Актёр шоу”га таклиф этишган. Тўғриси, бу мен учун жуда оғир синов бўлган. Ижодий томондан қийналмаганман, аммо отам шоуда иштирок этишимга жиддий қарши бўлган. Шунда олдиларига келиб: “Дада, юзингизни ерга қаратмайман, ўғрилик қилаётганим йўқ-ку, бир марта имкон беринг”, деганман. Шундан кейин индамаган. Аммо кўрсатув тугагунига қадар 3 ой давомида мен билан умуман гаплашмаган. Саҳна кўринишим учун реквизит ва кийимларни олишим учун пул керак бўларди, аммо уйдагилардан пул сўролмасдим. Сёмка жараёнлари баъзан кечгача давом этарди ёки тайёргарлик жараёнлари чўзилиб кетарди. Бу отамга ёқмасди. Аслиддин Дўстовнинг қизи эканимни билгач, баъзи инсонлар “Санъаткорнинг боласида, отаси ҳакамларни гаплашиб берган”, деб нотўғри гумонга боришди. Кўрсатувда иштирок этишимни истамаган инсон, менга ёрдам бериши мумкинми?
“Шерали Жўраевни мазах қилганим йўқ”
— Кўрсатув билан қизиқарли воқеалар жуда кўп бўлган. Шу билан бирга дилхираликлар ҳам талайгина. Масалан, таниш-билишчиликка кўп марта йўл қўйилган. Режиссёр ёқтирган қизини, Шаҳзода Муҳаммедова стилистлик ҳам қиладиган актёрни, бошқа устозлар эса курсидаги ўқувчиларни қўллаб-қувватларди. Уларнинг ичида битта мен бегона эдим. Қандай образда чиқишимизни компьютер танлаб берарди. Бир марта менга Шерали Жўраев образини кўрсатиб бериш шарти тушган. Қиз бола бўлсам-да, эркак кишини пародия қилганман ва қўшиқни ҳам жонли ижрода куйлаганман. Томошабинлар чиқишимни олқишлар билан қарши олган. Уйга келсам отамнинг жаҳллари чиқиб ўтирган экан. Сабабини сўрасам устоз санъаткорнинг маъмури унга қўнғироқ қилиб: “Қизингиз нега пародия қилди?” деб гапирибди. Отамнинг бу чиқишимдан хабари бўлмаган. Унинг хижолат бўлаётганини кўриб, роса жаҳлим чиққанди. Пародия ҳам бир санъат, мен атайин бу образни олиб чиқмадим-ку, деганман. Энг ёмони такрорий кўрсатувда чиқишимни ўчиртириб ташлашган, YouTube’га жойланган вариантини ҳам ўчиртиришган. Аммо барибир бу чиқишим бошқа тармоқларда тарқалиб кетган. Устоз санъаткорни ҳурмат қиламан, аммо бундай эътирозни кутмагандим. Мен мазах қилиб чиққаним йўқ, берилган шартни бажардим холос.
“Режиссёр ъсудлашамизъ деб таҳдид қилди”
— Шу кунгача кўплаб сериал ва давлат фильмларида суратга тушдим. Аммо тан олиб айтаманки, халққа ундаги ролларим эмас, 5-6 ой давомида суратга олган вайнларим танитди. Яқинда бир давлат фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Унда эпизод бўлса-да рол ижро этгандим. Фильм режиссёри аёл киши эди. Премьерада қизил йўлакдан ўтаман десам, исм-фамилиямни ҳам айтишмади. Режиссёр билан кўришгани борсам, “Пардозим бузилади” деб қўл учида муомала қилди. Кўпчиликнинг орасида айтган гапи алам қилиб, премьерани ҳам кутмай кетдим. Уйга келгунча йиғлаб келдим. Наҳотки, 4 йил институтда ўқиган бўлсам, заррача қадрим бўлмаса, дедим. Дилшод Аҳмедовнинг “Жумбоқ” сериалида ҳам суратга тушганман. Биринчидан режиссёр бир тийин пул бермаган, энг алам қилгани бошқа сериалга таклиф этишса “Унда суратга тушмайсиз, бўлмаса судлашамиз” деб таҳдид қилди. Қанақасига, текинга ишлатаётган актриса учун ижодий чегара қўйишга нима ҳаққи бор? Ролинг ҳам бошингда қолсин, деб сериалдан ҳам чиқиб кетдим. Ҳозир ҳам ролларга таклиф этишади. Аммо мендан ранжишмасин-у, режиссёрлар улама киприк қўйилган, лаби шиширилган актрисалар билан ишлашга ўрганиб қолишмоқда. Уларга пул беришмайди, қайтага улардан қуртдек санаб олишади. Эрталабдан-кечгача жонингни бериб рол ижро этасан ва беришса 50 АҚШ доллари ёки ундан ҳам камроқ ҳақ беришади. Мен иссиқ уйимда ўтириб битта рекламага шунча пул оляпман. Яхши рол бўлса текинга суратга тушишга ҳам тайёрман, аммо пичоққа илинадигани йўқ-да.
“Устоз санъаткорлар ҳам вайн олишни ўрганишяпти”
— 3-4 йил олдин вайнерларга паст назар билан қарашарди. Аммо ҳозир профессионал устоз актрисалар ҳам вайнерликнинг йўл-йўриқларини ўрганишяпти. Бир нечтаси ёнимга келиб “Қурилиш ташкилотидан уй олибсиз. Бизга ҳам беришармикан? Вайн олишни ўргатинг” дейишди. Чунки асл санъатда қадр топиш жуда қийин бўлиб қолган. Ёки режиссёрнинг таклифига кўниб ёнида елпатак бўлиб юришингиз ёки зўрингиз бўлмаса бўлмайди. “Ўзбеккино”да икки кунлаб кастинг топшириш учун режиссёрларни кутганман. Ҳозир ўша кунларни эсласам ўзимга раҳмим келиб кетади. Бошқа вайнерлардан фарқли равишда барча ролларни ўзим ижро этаман ва гримдан фойдаланаман. Оз бўлса-да, профессионаллик бор. Қайнона-келин мавзусида ўралашиб қолишни истамагандим, аммо халққа шу чиқишларим кўпроқ ёқяпти.
“Бир умр блогер бўлиб қолишни истамайман”
— “Инглиз тилини биласиз, унинг устига профессионал актрисасиз, нега блогерлик қилиб юрибсиз?” деб кўп сўрашади. Ҳақиқатан ҳам, интернетга вайнлар олиш учун тўрт йил таҳсил олмаганман. Аммо ҳозирги актёр ва актрисаларнинг бошқа иложи ҳам йўқ. Чунки хашаки режиссёрлар кўпайиб кетган. Агар улар кўрсатган йўл бўйлаб ҳаракатланадиган бўлсак, бирорта тузук рол ижро этолмаймиз. Ёлқин Тўйчиев, Зулфиқор Мусоқов ёки Аюб Шаҳобиддинов каби режиссёрлар ҳар йили фильм олавермайди. Кинонинг кулминацияси нима эканлигини билмайдиган режиссёрлар эса ойига янги сериал олишни “уддалашяпти”. Бир умр блогер бўлиб қолиб кетишни истамайман. 30-40 ёшга кирганимда ҳам вайнлар олиб юриш ниятим йўқ. Унгача жиддийроқ соҳанинг этагидан тутиб, бир столнинг эгаси бўлишни истайман.
“Пул ижоддан устун эмас”
— Пул ҳамма қатори менга ҳам керак, аммо бу пулни устун кўраман деганим эмас. Мана, яқинда бир давлат фильмига таклиф қилишди. Гонорар суммасини ҳам сўрамай, суратга тушишга рози бўлдим. Чунки аниқ биламан, давлат фильмларидаги кунлик гонорар 200-250 минг сўм бўлади. Суратга олиш ишлари тоғда бўлишини айтишди. Айни ўша вақтда 2 000 АҚШ долларлик реклама таклиф этишаётган эди. Менежерим “Шунча пулга реклама келяпти”, дейишига қарамай, фильм сёмкасига кетдим. Бир неча кунлик сёмка учун 1 миллион 900 минг сўм олган бўлсам ҳам, ҳар ҳолда тўрт йил бежиз актрисаликка ўқимаганимни ҳис қилдим. Шунчаки рол ижро этишни истамайман, қийналиб ишлагим келади. Афсуски, аксарият режиссёрлар ишга ниҳоятда енгил ёндашади.
“Турмуш ўртоғим билан Instagram’да танишганмиз”
— Карантин пайтида самарқандлик йигит Instagram орқали ёзган. Аслида бундай номалар кўп келарди, шу боис аввалига эътибор бермаганман. “Мен ҳам актёрликка қизиқаман, қандай кастинглар бўляпти”, деб ёзганди холос. Кейинчалик бир-биримизга маслаҳат бериб, дўстга айландик. Охири кастинг сабаб у инсон Тошкентга келди, аммо кастингсиз сериалда суратга тушди. Бу инсоннинг мардлиги ва ор-номуси устун эканлиги менда яхши таассурот уйғотган. Қиш куни 10 кун Тошкентда пулсиз қолиб кетган, ёрдамимни эса қабул қилмаган. Шу боис ҳам уни ҳурмат қилганман. У пайтларда вайнлар суратга олмасдим, менга мотивация берган ҳам шу инсон бўлади. Тўрт йил бир-биримизни синаб кейин оила қурдик, — дейди Хонзода Дўстова.
Изоҳ (0)