Ўзбекистонда 1 июлдан йўл бўйидаги мактаблар олдига, кўп ЙТҲ содир бўладиган жойларга видео-фоторадарлар ўрнатилади. Бу ҳақда “Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланди.
Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, ЙТҲ ўчоқларида, темирйўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган ҳолда, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан 2024 йил 1 июлдан бошлаб йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, ЙТҲ ўчоқларида, темирйўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилади.
Бу ИИВнинг “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази томонидан“Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич амалга оширилади.
Бунда видео-фоторадарлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгиланадиган жойларга ўрнатилади. Бундай жойлар ЙҲХХ томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилидан келиб чиқиб белгиланади.
Изоҳ (0)