Наманганда Наврўз айёми кўтаринки кайфият билан қарши олинди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят маркази — Наманган шаҳридаги байрам тантаналари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғ ва “Афсоналар водийси” паркида нишонланди.
Бу икки манзил вилоятнинг турли ҳудудларидан келгаан минглаб наманганликлар ва меҳмонлар билан гавжум бўлди.
Тадбирлар давомида миллий ўйинлар ва удумлар, спорт мусобақаларига кенг ўрин берилди. Йигитлар арқон тортиш, варрак учириш, тош кўтариш ва курашда беллашган бўлса, қизлар баҳор гулларидан чамбарак тайёрлаш, дўппидўзлик, ўсма қўйиш ва жозибали рақсларни маромига етказди.
Айём куни ўнлаб қозонда сумалак қайнади, паловлар байрамона безатилди. Ушбу таомлар махсус идишларга солиниб, маҳаллаларга ва талабалар турар жойларига етказилди.
Байрамда турли миллат вакиллари ҳам фаол қатнашди. Вилоятдаги миллий маданият марказлари вакилларининг чиқишлари барчага манзур бўлди.
Байрам баҳона болакайларнинг хатна тўйлари ўтказилди. Улар шаҳзодалардек кийинтирилиб, совға-салом, тўёналар берилди.
Намангандаги байрам тадбирларида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, фолклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари истеъдодларини намойиш этди. Халқона куй-қўшиқлар, ўлан-лапарлар жаранглади.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги мутасаддилари байрам тадбирларида иштирок этиб, уларнинг қатнашчилари билан мулоқотда бўлди.
Наманганда Наврўз байрамига бағишланган сайллар ва тадбирлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)