Жиззах вилояти Арнасой туманида отаси онасидан 6 йилдан бери яшириб келган бола топилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролар Ф.А. ва Г.А.лар 2018 йилда келишмовчиликлар сабабли ажрашади. Отаси Ф.А. турмушидан 2017 йилда туғилган ўғли Ж.Н.ни онасига бермасдан, яшириб юрган. Оқибатда аёл ўғлини собиқ турмуш ўртоғи, собиқ қайнонасидан ўз тарбиясига олиб беришни сўраб, судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг ижро варақасига кўра, отаси ва бувисидан фарзандини аёл қарамоғига олиб бериш белгиланган бўлиб, мазкур ижро ҳужжати бюронинг Арнасой туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Ҳужжат ижроси юзасидан боланинг отаси ва бувиси томонидан ихтиёрий тарзда фарзандни онасига топширмагани натижасида давлат ижрочиси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-прим 1-моддасига асосан маъмурий жарима қўлланган. Шундан сўнг ҳам қарздорлар томонидан болани яширишга ҳаракат қилгани сабабли давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида болакай Мирзачўл туманидаги қишлоқда яшовчи отанинг укаси уйидан қидирув тадбирларида топилиб, шу заҳотиёқ холислар ҳамда қарздор тараф иштирокида онаси қарамоғига ва тарбиясига топширилди.
Изоҳ (0)