Словакиянинг Taтра тоғлари яқинидаги Липтовский Микулаш шаҳрида айиқларнинг одамларга уч кун ичида иккинчи марта ҳужуми туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Фуқаролардан, айниқса, эрталаб ва кечки соатларда турар жой биноларини тарк этмаслик сўралган. Хавфли ҳудудда олти нафар қуролли патрул дронлар ва тунги кўриш қурилмалари ёрдамида кузатув ишларини олиб боради.
https://t.me/daryo_live/99225
Айиқ ҳужуми оқибатида 17 март куни беш киши жароҳатланган эди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 49 ёшли аёл елкасидан, 72 ёшли эркак эса бош жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Яна 3 нафар шахс кичик жароҳатлар олган.
Бу ҳодиса Паст Taтра тоғларида Беларусь фуқароси қўнғир айиқ қурбони бўлган фожиадан бир кун ўтиб содир бўлган. Аёл шериги билан сайр қилаётганида уларга айиқ ҳужум қилган эди. Улар айиқни кўриб, турли йўналишларга қочган. Аёлнинг жасади унинг ҳамроҳи ёрдамга чақирганидан кўп ўтмай қидирувчи ит томонидан топилган. Аёл йиртқичдан қочишга уриниб, тик қияликдан пастга қулаган.
Словакия Атроф-муҳит вазирлиги Европа Иттифоқининг атроф-муҳит бўйича кенгашининг навбатдаги йиғилишида айиқларни муҳофаза қилинадиган турлар рўйхатидан олиб ташлаш таклифи билан чиқишга ваъда қилган, чунки уларнинг сони етарлича кўп ва энди йўқолиб кетиш хавфи йўқ. Бироқ олимлар Словакияда айиқлар сонида кескин ўсиш кузатилмагани, улар барқарор 1300 та атрофида эканини айтмоқда.
Изоҳ (0)