Ўзбекистонда 7 мартдан барча газ заправкалар очилади. Бу ҳақда Энергетика вазири матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев хабар қилди.
Қайд этилишича, табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани муносабати билан 7 март, пайшанба кунидан эътиборан мамлакатдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари очилади.
17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида “Газли” компрессор станциясидаги 8 та ҳамда “Газли” газни қайта ишлаш заводига қарашли “Учқир” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган, оқибатда табиий газ ҳажми меъёрий схемадагидан қисқариб, магистрал газ қувурларида босим нисбатан пасайганди.
Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистондаги барча метан заправкалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилганди.
22 февралдан метан заправкаларга киритилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш бошланди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашаётганини, бироқ газ босимининг пастлиги меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктираётганини билдирганди.
Изоҳ (0)