Италия қонунчилари ҳукумат Европа Иттифоқининг “Аспидес” денгиз миссиясида иштирок этишини маъқуллади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Хабарга кўра, Италия қонунчилари мамлакатнинг Қизил денгиздаги юк кемаларини Ямандаги “Ансор Аллоҳ” (ҳусий) ҳаракати исёнчилари ҳужумларидан ҳимоя қилиш бўйича ЕИнинг денгиз миссиясида иштирок этишини маъқуллаган.
5 мартдаги парламент йиғилишида “Аспидес” бўйича бўлиб ўтган мунозаралар Рим учун муҳим қадам бўлган. Италиянинг миссиядаги иштироки нафақат расман маъқулланган, балки Италия операцияларда тактик қўмондонлик нуқтайи назаридан етакчи рол ўйнаши белгиланган.
Миссия 19 февраль куни ЕИ томонидан расман келишилган. Италия миссиянинг бошланишини маъқуллаган охирги давлат бўлган. Айни пайтда, италян кемаси миссияда иштирок этиш учун аллақачон Қизил денгизда ва у ерда 12 ой қолади.
Гарчи Италия ҳали расман миссиянинг бир қисми бўлмаса ҳам, сўнгги кунларда ҳусий исёнчиларининг дронларини уриб туширгани сабабли мухолифат партияларининг танқидига учраган эди.
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни овоз беришнинг кечиктирилиши қасддан амалга оширилмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, миссиянинг ишга туширилиши Европа мудофаасини қуришдаги муҳим қадамдир.
Изоҳ (0)