Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бирида оилали аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган кондуктор қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Маълум қилинишича, эркак 9т-сонли автобусда чиптачи вазифасида ишлаб келиб, 2023 йил октябрь—ноябрь ойлари давомида автобусга йўловчи сифатида минган фуқаро Й.А.га жинсий алоқада бирга бўлишни таклиф қилиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган.
Суд мажлисида у юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрорлик келтириб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди ва енгиллик беришни сўради.
Суд ҳукмига кўра, судланувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, унинг ҳисобидан махсус қабулхона фойдасига 153 000 сўмдан ундирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)