Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер Лигасининг ушбу мавсуми учун ҳақиқий кашфиёт бўлди. “Пахтакор” клубидан 500 минг еврога сотиб олинган 19 ёшли ярим ҳимоячи қисқа муддатда “ЦСКА” жамоаси лидерига ва лиганинг энг ёрқин ўйинчисига айланди.
Қишки танаффусдан фойдаланиб Файзуллаев билан адаптация жараёни, ўзбек ошининг тайёрланиш сирлари, Акинфеев ва Набабкин билан бир хонада бўлиш ва футболчининг болалиги ҳақида “Championat.cом” сайти мухбирлари футболчи билан суҳбатлашган. Суҳбат Ўзбекистон термасининг Осиё Кубогидаги иштироки билан бошланган.
Ўзбекистонлик мухлислар меҳмонхонагача келди. Ижтимоий тармоқларда эса — даҳшатли манзара.
Ўзбекистон Осиё Кубогидан ачинарли тарзда чиқиб кетди. Бу ҳолатдан тез чиқиб кетдингми?
— Бу мен учун катта тажриба бўлди: бундай катта турнирда биринчи бор иштирок этиб кўп нарса ўргандим. Биз яхши ўйнаб, пенальтилар сериясида Қатардан мағлуб бўлдик. Бу ўйинни бемалол юта олардик. Агар Қатардан ўтганимизда, турнирда ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Ҳаёт давом этади. Бизда мақсад бор — Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш. Биз тарихга кирмоқчимиз.
— Нималарни ўргандинг?
— Қийин вазиятларда қандай ўйнашни ўргандим. Ушбу турнирда мен майдондаги позициямни ўзгартириб “чалғитувчи тўққизлик” ролида ўйнадим. Аввалига мен учун бир оз ноқулай бўлди, аммо Таиланд билан ўйинда мослашдим. Биз рақибни чалғитиш учун доимий тарзда ўрнимизни ўзгартириб ўйнадик. Айнан шу сабаб мен тактик жиҳатдан кучлироқ бўлдим.
— Сизларни ажойиб қўллаб-қувватлашди.
— Ҳа, бизни доимгидан кўра яхшироқ қўллашди. Ҳаттоки, мухлислар меҳмонхонага келди, ижтимоий тармоқларни “ёндирди”. Бу биз учун жуда завқли.
— Нега Ўзбекистонда футболга бунчалик қизиқишади?
— Шунчаки одамлар футболни севади. Агар футболчи бошқа давлатга йўл олса, уни алоҳида кузатишни бошлашади, доим изоҳлар ёзишади. Битта ўзбекистонлик битта постнинг остига 10 талаб ижобий изоҳ ёзиши одамни хурсанд қилади. Айтганча, яқинда ЦСКА базасига ватандошим ташриф буюриб, Россия тарихи ҳақида китоб совға қилди.
— Россия термасининг Осиё қитъасига кўчиб ўтиши вариант ҳам кўриб чиқилган эди. Агар Осиё кубогида Россия термаси қатнашганида унинг имкониятлари қандай бўлар эди?
— Сизларнинг терма жамоангиз кучли. Уларда турнир ғолиблиги учун яхши имконияти бўларди. Россия термаси Осиёга кўчиб ўтиши мен учун қизиқ бўлар эди. Кучли жамоалар билан ўйнаш доимо завқли.
“Барса” менинг орзум, лекин ким “Реал” таклифини рад этади?
— Айнан мусобақадан кейин, “Бавария”дан сенга қизиқишлар бўлгани ҳақида хабар тарқалди.
— Мен бу ҳақда билмас эдим, ўзим ҳам сайтлардан ўқидим. Бунга оддий қарайман, миш-мишлар доим бўлади.
— Лекин менинг билишимча, “Бавария”дан таклифлар аниқ бўлган.
—Ҳа, менинг билишимча улар агентлик билан боғланган. Уларнинг айтишича, улар ҳозирги умумий вазият ва баъзи деталларга тўхталган. Лекин бу ҳали ҳеч нарса дегани эмас. Ҳозир тўлиқ эътибор “ЦСКА”га қаратилган, олдинда муҳим ўйинлар бор. Лекин, “Бавария” ҳам яхши вариант, албатта (кулиб).
— Сен “Барселона”да ўйнаш орзунг эканини айтган эдинг. Демак, “Реал”дан таклиф бўлса, рад этасан?
— Рози бўламан, албатта, ким “Реал”га бормайди? Ёшлигимдан Гвардиола ва унинг “тики-така”сига мухлисман. Ҳозир уларда инқироз, аммо бу ўтиб кетади.
— Ўзингни топ чемпионатларга тайёрман деб ўйлайсанми ёки ҳали эртами?
— Буни ҳеч ким билмайди, вақт кўрсатади. Мен жисмоний ҳолатимни яхшилашим керак, токи рақиб менинг ёнимга яқинлаша олмасин. Тактик жиҳатдан ҳам ўсишим керак. Агар ўсишда давом этсам ҳаммаси яхши бўлади.
“Акинфеев ва Набавкин доим “қачон ош еймиз” деб сўрайди.
— ЦСКА варианти ҳақида қачон эшитган эдинг?
— “Пахтакор” билан бўлган биринчи давра учрашувларидан сўнг мен таътилга чиқдим. Аммо доим агентларим билан алоқада эдим ва улар менга “ЦСКА”дан бўлаётган қизиқишлар ҳақида хабар берди, Кейинроқ эса бу ростдан жиддй таклиф экани ҳақида айтди. Мен ота-онам, акаларим ва турли футболчилар билан маслаҳатлашдим. Масалан, Шомуродов билан. Бизнинг агентимиз битта. Шомуродов ва Герман Ткаченко РПЛга ўтишим мен учун тўғри трамплинг бўлишига ишонтирди. Мен фаолиятимда олдинга қадам қўймоқчи эдим. Жуда кўпчилик “ЦСКА” ёш ўйинчиларга ўйнаш имкониятини бериши ҳақида айтди. Бундан ташқари клубнинг буюк тарихи бор.
— Еврокубок ўйинларининг йўқлиги ҳайрон қолдирмадими?
— Йўқ. РПЛ Ўзбекистон Суперлигасидан кучлироқ эканини билар эдим. Бу ерда кураш, интенсивлик ва тактикавий ўйин кўпроқ.
— Ўзбекистонда бу трансферга қандай муносабат билдирилди?
— Бошида кўпчилик бунга танқидий муносабат бўлди. Кўпчилик Россия чемпионатида ўйнаб кета олмай, Ўзбекистонга тез фурсатда қайтишимни башорат қилди. Лекин бу сўзлар менга кўпроқ мотивация берди.
— “Пахтакор” мураббийининг сўзлари ҳақида эшитдингми? У Россия чемпионатини “ўлик” лига деб атади.
— Ҳа, ўқидим. Қайтараман, кўпчилик шунақа ҳисоблади. Мен у ва бошқаларнинг фикрини ўзгартирмоқчиман.
— Москвага келгач, қандай қийинчиликларга дуч келдинг?
— Шаҳар менга ёқди. Фақат шу йўллардаги тирбандликлар кайфиятни бузади. Ҳозир Тошкентда ҳам шунақа ҳолат. Москва ресторанлари ҳам ажойиб. Бошида жисмоний жиҳатдан тўлиқ формада эмас эдим, айнан мана шу менга қийинчилик туғдирди. Аммо “ЦСКА” мураббийлари буни оддий қабул қилишди ва жисмоний ҳолатимни тиклашга ёрдам берди.
— Жисмоний ҳолатингни тиклашга қийналганингда, “ЦСКА”га ўтганингдан афсусландингми?
— Йўқ, мен хотиржам эдим. Жамоадошларимга раҳмат, улар мени жуда илиқ кутиб олди, буни кутмагандим. Улар билан киришиб кетишим қийин бўлади деб ўйлагандим. Ҳаммаси ажойиб кечди. Ўша пайтда Баха ( Баходир Зайнутдинов) жамоада эди, у ҳамма билан таништирди. Клуб адаптацияга ёрдам берди, бундан ташқари Қаҳҳор Мўминов ҳам доим ёнимда бўлди. Бундай қўлловлар сабаб Москвада қийналмадим.
— Федотов қандай қилиб сени асосий таркибга киритди?
— Биринчи навбатда мен сабрли бўлишим керак эди. Бошидан менга осон бўлмаслиги ва бирдан асосий таркибдан ўрин олмаслигимни яхши билар эдим. Ўз имкониятимни кутдим, бундай имкон берилишини билардим. Бош мураббий шошилтирмади, аввалига камроқ вақтда майдонга туширди. “Крилья Советов” билан ўйинда иккинчи бўлимнинг бошидан ҳаракат қилдим ва айнан шу ўйин туб бурилиш ясаб берди. Биз уйда ютқазаётган эдик ва ҳужумга ўтишимиз шарт эди. Федотов мени рағбатлантирди ва майдонга туширди. Ўйинда тоғамнинг турмуш ўртоғи ва онам ташриф буюрган экан. Бу менга қўшимча куч берди. Улар менинг тушишимни билишгандек келишибди, бундан олдинги “Зенит” билан ўйинда дадам стадионга келган эди. Ўша ўйинда мен заҳирада қолдирган эдим. “Крилья Советов” билан ўйинда худди майдонда учаётгна эдим. Ўша ўйинда менда ҳаммаси ўхшади.
— Акинфеев ва Набабкинларнинг ўртасида ўтирасан. Бу қандай содир бўлди?
— Ҳа, менинг шерикларим ажойиб. Аввал бу ерда Баха ўтирарди. У кетгач, мени шу ерга ўтқазишди. Улар тажрибали ўйинчилар, доим менга маслаҳат беради ва бу менга жуда ёқади. Улар доим мендан “ош қачон?” деб сўради.
— Чаловнинг айтиши бўйича бутун жамоани икки бора меҳмон қилган экансан.
— Ҳа, бир марта стадионда, иккинчи бор жамоа базасида. Акаларнинг танишлари бор, биз доим улардан ош буюртма қиламиз. Мен улардан бир неча кило буюртма бериб, ҳаммани меҳмон қилган эдим. Ҳаммага, ҳаттоки, легионерларга ҳам ёққан эди. Ош — энг зўр таом!
Идеал ош қандай бўлиши керак?
— Ҳеч қандай сири йўқ. Яхши гуруч, гўшт, саримсоқ ва сабзи бўлса бўлди. Энг муҳими бу ошпаз. Мен ўзим тайёрлай олмайман, лекин онам ош қиладилар ва онамнинг оши дунёдаги энг ширин ош.
“ЦСКА”нинг 8-ўринда туришига нима сабаб?
— Бизга стабиллик ва концентрация етишмаяпти. Кўплаб голларни ўйин охирида ўтказиб юборяпмиз. Биринчи давранинг икки тури олдидан биз юқори поғоналарда эдик. Бу бизнинг ўрнимиз эмас. Бу таркибимиз билан бемалол чемпионлик учун кураша оламиз. Чалов, Обляков, Давила, Роша — ҳаммаси ажойиб ўйинчилар. Акинфеев — афсона! Баъзида машғулотларда биз унга умуман гол ура олмаймиз.
Сенга Россия Премьер Лигасидаги қайси ўйинчилар ёқади?
— Менга Бителло ёқди. Клаудинони ҳам алоҳида эътироф этиш зарур.
“Болаликда кўча футболида 100 та голгача ўйнардик”.
— Сенга “юлдузлик” касали таъсир қилмаслигини, сени яхши тарбия қилишганини айтган эдик. Айтчи, сени қандай тарбиялашган?
— Тўққиз ёшдан бошлаб мен тоғамнинг оиласида катта бўлганман. У менга ғамхўрлик қиларди. Унинг қаттиққўллиги менинг фойдамга ишлади. У менга доим аввал яхши инсон, кейин эса яхши футболчи бўлиш кераклигини уқтирарди. Тоғам менинг идеалим эди.
— Унинг қаттиққўллиги қандай ҳолатларда сезилар эди?
— Биз унинг рухсатисиз ҳеч қаерга бормас эдик. У ҳаттоки ётишдан олдин укамнинг ва менинг телефонимни олиб қўярди.
— Айёрлик қилишга уриниб кўрмасмидингизлар?
— Бу иложсиз эди.
— Футболчи бўлмаслигинг ҳам мумкинмиди?
— Футболни ёшлигимдан севардим, 4 ёшимдаёқ дўстларим билан кўчада футбол ўйнардим. Доим коптогимни йўқотиб қўярдим ва оиламиз билан ҳар якшанба бозордан янги тўп олар эдик. Бу мени доим хурсанд қиларди.
— Бутсичи?
— Бутсилар ҳақида умуман билмасдим. Оёғимда қайси оёқ кийим бўлса шу билан ўйнардик. Баъзида, ҳатто оёқяланг ҳолатда ҳам ўйнаганман. Биз бошқа кўча болалари билан ўйнаш учун, меҳмонга ҳам борар эдик.
— Ютуққа нима қўйилган эди?
— Ҳар хил нарсаларга ўйнардик. Масалан, ютқазган жамоа ортига тўп билан зарба қабул қилиб оларди. Баъзида уришиб ҳам турардик. Болалик маза эди. Ўйинларда дадам ва тоғам ҳам қатнашарди. Улар кўпроқ дарвозага турарди. Дарвоза бир метр бўларди. Дадам чопон кийиб келарди, дарвозага турганида чопонини ёйиб оларди ва дарвоза тўлиқ ёпиларди. Унга гол уришнинг умуман иложи бўлмасди.
— Ўша пайтда ҳам дрибблинг қилармидинг?
— Ҳа, мен доим тўпни ўзим билан олиб юрардим.
— Нега сен Тоғамнгнинг қарамоғига ўтгансан?
— Мен Сирдарёдан Тошкентга кўчиб келдим, у ерда қолганимда футболчи бўлишим қийин эди. Аввалига мени Янгиердаги академияга беришмоқчи эди. Мен у ердаги кўрикдан яхши ўтдим, мураббийларга ҳам ёқдим. Лекин кунларнинг бирида дадам “Пахтакор”га келишимни айтди. Мен турли финтларни ўрганишни бошладим. Шундай қилиб менинг тоғамларнинг уйида яшай бошладим. “Пахтакор”даги биринчи мураббийим Дмитрий Ан бўлган. Мен унга ва Сирдарёдаги мураббийим Иброҳим Умматовга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Уларнинг ҳаётимдаги ўрни беқиёс.
— “Пахтакор”даги фаолият қандай бошланди?
— Икки ҳафталик машғулотлардан сўнг, мени уйга қайтариб юбормоқчи бўлишди. Якунда мураббийлар яна бир ўйинда синаб кўришга қарор қилди. Маҳаллий “Спартак” билан ўйинда бешта гол урдим. Шундан кейин мураббийлар мени олиб қолишга қарор қилди. Агар ўша ўйиндаги 5 та гол бўлмаганида мен катта футболга кириб кела олмасдим.
— Ота-онангни согъинардингми?
— Жуда ҳам. Бошида ҳар куни йиғлардим. Буни кўрсатмасликка ҳаракат қилардим ва мен бу ишни ваннада сувни ёқиқ ҳолатда қолдириб қилардим. Вақт ўтиб мослашдим, тоғамнинг оиласи мени илиқ кутиб олди.
Унинг болалари билан кўп гаплашишни ёқтирардим. Катталар уйда бўлмаганида футбол ўйнар эдик. Уйда биздан пастдаги қаватда яшовчи ёши катта аёл доим тоғамга нолирди.
— Қачон жамоангга тўлиқ мослашиб кетдинг?
— Икки-уч йил ўтиб. Мен доим асосий таркибда сардорлик боғичи остида ўйнардим, Мен доим тўп билан ҳаракат қилардим, тўпсиз қолганда, уни олиб қўйишга ҳаракат қилмасдим. Шунда мураббий мени иккинчи таркибга “равона” қилди. У ерда бир йил ўйнадим, доим оёғимга зарба қабул қилиб олар эдим. Мураббий менга қачон тўпни олиб қўйиш қобилиятини шакллантирсанг, шунда қайтишимни айтди. Бу мени қайта тарбиялаш учун қилинган эди ва бу менга катта ёрдам берди.
— Бундай тана тузилишинг билан футболда бирор нарсага эриша олмаслигинг мумкинлиги ҳақида гаплар учраб турармиди?
— Ўзбекистонда доим эшитардим. У ерда бўйинг кичик бўлгани сабаб юқори даражали ўйинчи бўла олмайсан деб ҳисоблашади. Мен эса ундай ўйламайман. Футболда энг муҳими— IQ (интеллектуал салоҳият). Барчаси вақти келиб ўсиши мумкин, аммо интеллект туғилганда берилади.
“Тоғам вафот этганини эшитганимда, менинг ичимда ҳам кўп нарса узилгандек бўлди”
Ҳаётингда қийин вазиятлар ҳам бўлганми?
— Бир неча йил аввал тоғам COVID сабаб вафот этди. Бу ҳаётимдаги энг қийин вазият бўлган. Уни йўқотганимга ишонишим қийин бўлган. тоғам менга доим ғамхўрлик қилган. Футбол ва ундан ташқаридаги барча муаммоларимни ечишга ҳаракат қилган. Нима керак бўлса олиб берган. Мен машғулотларда иштирок этаётган эдим ва менга қўнғироқ бўлди. Менга тоғам ўлимини хабар беришганида, менинг ичимда ҳам ҳамма нарса ўлди. Ўзимга келишимга дўстларим ёрдам берди, машғулотларда иштирок эта олмасдан уйга қайтгандим.
— Сен тоғангнинг ҳар бир ўгитини эса сақлашингни айтган эдинг.
— Тоғам доим мени топ клубда ўйнашимни хоҳлар эди. Ўзимдан қониқиш ҳосил қилишимга қўймас эди доим ўзимни танқид остига олиб туришимни айтарди. У “Агар бирорта ўйинингдан қониқиш ҳосил қилсанг, демак ривожланишдан тўхтабсан” дерди. У мени ҳеч қачон мақтамаган. Ҳаттоки, шу даврда унинг “баракалла” дейишини бирор марта эшитмаганман.
17 ёшимда Осиё Чемпионлар Лигасида дебют ўйинимни ўтказганман ва яхши ўйнаганман. Иккинчи ўйинда ўртача ҳаракат қилганман. Уйга қайтгач, тоғам иккинчи ўйинимдаги ҳаракатларим учун жуда койиган. Аммо акаларимнинг айтиши бўйича менинг майдондаги ҳаракатимни кўриб тоғам жуда қувонган.
— Ота-онанг қандай касб эгалари?
— Отам уйимиздан аптека очган ва шу ерда ишлайди. У ҳам менинг кумирим. Отам ҳеч қачон ўзгармаган. У 10 йил олдин қандай бўлсам ҳозир ҳам шунақа. Ҳамма билан бир хил гаплашади. Отамнинг шу тарафларини ўрганишга ҳаракат қиламан.
Онам оддий уй бекаси. Энди футбол томоша қила бошлади. У менинг футболчи бўлишимни хоҳламаган, унинг айтиши бўйича бу жуда хавфли. Мен унга жароҳатларим ҳақида айтмайман, доим менда ҳаммаси яхшилигини айтаман. Ҳатто оёғим синса ҳам унга айта олмайман.
— Даданггачи?
— Дадамга айтаман, мен ота-онамни жуда яхши кўраман, яқинда уларнинг орзуларини амалга оширишга эришдим.
— Бу қандай орзу эди?
— Мен уларни доим Умра сафарига юборишни хоҳлардим. Худога шукр бу амалга ошди. Биз 20 ёшлилар ўртасида Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритганимизда Сирдарё ҳокими Умра йўлланмасини совға қилди. Мен ота-онамни юбордим. Отам Макка шаҳридан қўнғироқ қилганини эслайман. У йиғлаган эди. Бу ўзгача туйғу. Бундай онлар кўпроқ бўлишини хоҳлайман.
— Ўзбекистонга илк марта борадиган одам уни ёқтириб қолиши мумкин? Қаерга бориш керак?
— Самарқандга бориш шарт, бу жуда чиройли шаҳар. У ерда тарихий обидалар ва дунёдаги энг ширин ош бор. Тоғларга боришни хоҳлаган одам Амирсойга борса бўлади.
— Ҳаётдаги энг катта орзунг нима?
— Ўз фаолиятимни тугатганимда ҳеч нарсадан афсусланмасликни хоҳлайман. Ота-онамнинг барча орзусини амалга ошишини хоҳлайман. Энг муҳими улар соғ ва бахтли бўлишлари.
Эркин Ғайбуллаев таржимаси
Изоҳ (0)