Тошкентдаги мактабда дарс пайти ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юз берди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собированинг маълум қилишича, ҳолат Чилонзор туманидаги 103-мактабда содир бўлган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ММТБ ўрганиш олиб бормоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўқитувчи ўқувчини тортқилаб, дарсдан чиқариб юборгани, бола бир неча бор бунга қаршилик қилгани, шунингдек, синфдаги ўқувчилар шовқин кўтариб, бақиргани акс этган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа мактабнинг 6-синф ўқувчилари математика дарсида содир бўлган. Болалар ўқитувчи Ю.Портнованинг гапларига қулоқ солмаган ва тартибни бузган. Ўз навбатида ўқитувчи ҳам жаҳлини жиловлай олмасдан ўқувчини мажбурлаб синфдан чиқариб юборган. Бола синфдан чиқмаслик учун ўқитувчига қаршилик кўрсатган.
Мактабда юз берган бу воқеа юзасидан ота-оналар мажлиси чақирилди ва уларнинг хоҳишига кўра математика ўқитувчиси Ю.Портнова мазкур синф ўқувчиларига дарс ўтишдан четлаштирилди. Тартиб бузган болалар ва уларнинг ота-онасига чора кўриш масаласи туман ҳокимлиги Болалар масалалари бўйича комиссия йиғилишида кўриб чиқиладиган бўлди.
Изоҳ (0)