Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Доҳа шаҳрида Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон ал Соний билан учрашув ўтказди.
Президент ёрдамчисининг ёзишича, томонлар Ўзбекистон—Қатар муносабатларини ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, келгуси тадбирлар жадвалини батафсил муҳокама қилган.
“Суҳбат чоғида ўзаро алоқаларимиз 2023 йили янги босқичга ўтгани таъкидланди. Самарқанд (2023 йил 5—6 июнь) ва Доҳа (2023 йил 2 октябрь) саммитлари тарихий аҳамият касб этиб, ҳамкорликнинг янги қирраларига эшик очди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги давр бошланди, дея оламиз.
Биз ўзаро маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Қатарлик ҳамкорлар билан мустаҳкам ришталар боғланиб, қўшма лойиҳалар фаол амалга оширилади, деган ниятдамиз”, — деб ёзади Саида Мирзиёева.
Аввалроқ Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида “Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана” кўргазма лойиҳаси тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди. 24 февралда бошланган кўргазма 30 мартга қадар давом этади.
Изоҳ (0)