Forbes маълумотларига кўра, Рианнанинг капитали 1,4 миллиард долларни ташкил этади, бу унинг дунёдаги энг бой мусиқачи ва Опра Уинфридан кейин шоу-бизнесдаги иккинчи энг бой аёл эканлигини кўрсатади.
Рианна Робин Фенти — қуёшли Барбадосда туғилган, у ер кўпчилик яшашни орзу қиладиган, ўзининг бинафша ранг пляжлари, хушчақчақ ва ҳаёцевар одамлари ҳамда доим регги ритмлари жаранг сочадиган шовқинли базмлари билан машҳур. Бу оролни “Ер юзидаги жаннат” деб аташади, бироқ бўлажак поп юлдузининг болалиги ташвишсиз ва шодликка тўла ўтмаган. Чунки болалигида у шундай оилавий муаммоларга дуч келганки, бу унинг хотиржамликни унутишга мажбур қилиб, эрта улғайишига олиб келган.
Рианнанинг отаси, оддий омборхона ишчиси бўлган. У тез-тез маст бўлар, уйига келиб, хотинини болалар кўз ўнгида калтакларди. Rolling Stone билан суҳбатда қўшиқчи бир марта ота-онасини тинчлантириш учун бутилкани синдириб, томирини кесмоқчи бўлганини айтади. Бу ёрдам беради — жанжал тўхтайди. Лекин эртаси куни отаси яна маст ҳолатда уйга қайтади ва даҳшат давом этади. Рианнанинг онаси калтакланишга чидарди, бошқалар билишини хоҳламасди. “Маиший зўравонлик бу — одамлар бошқалар билан баҳам кўришни истамайдиган нарса. Шунинг учун онам буни ҳаммадан яширарди”, — деб эслайди Рианна.
Улғайганда ҳам Рианна онаси ҳақида доимо “энг кучли аёллар”дан бири сифатида гапиради. Эҳтимол, бу онаси кейинчалик дадил қадам ташлаб, ажрашишга ариза бергани учундир. Отаси наркотик истеъмол қилишни бошлагач, онасининг сабр косаси тўлади. Шунда аёл ҳозир ажрашмаса, бу эркак бир кун келиб ўзи ёки фарзандларини ўлдириши мумкинлигини тушуниб етади. Рианна 14 ёшга тўлганда оила парчаланади. Бир томондан, ота-онасининг ажрашуви унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилади. Аммо бошқа томондан, энди ўспирин қизнинг елкасига укаларини тарбиялаш вазифаси тушади, чунки онаси ишлагани сабаб улар билан шуғулланишга улгурмасди.
“Мен тез улғайдим, — дейди Рианна The Guardian нашрига берган интервьюсида. — Аслида иккинчи онага айлангандим”
Унинг ягона овунчоғи мусиқа бўлган. Рианна реггини яхши кўрган — Мэрайя Кэри, Уитни Хьюстон ва Селин Дионга ҳавас қилган. Мусиқага буткул берилган қиз барча оилавий муаммолардан қочиб, ўзини эркин ва бахтли ҳис қиларди. Вақт ўтиб, Рианна ўзи ҳам куйлай бошлайди. 2003 йилда у икки дугонаси билан бирлашиб, машҳур хитларга коверлар ижро этадиган мусиқий гуруҳ ташкил қилади. Улар мактабда тез машҳур бўлишади, лекин уларни янада шов-шувли муваффақият кутарди — улар Барбадосда дам олаётган продюсер Эван Рожерс билан шахсан танишиш имкониятига эга бўлади.
Продюсер гуруҳнинг ижоди ва энергиясини юқори баҳолайди, аммо унинг эътиборини солист қиз — жарангдор овоз тембрига эга иқтидорли Рианна кўпроқ тортади. “Рианна хонага кирганида, нариги икки қиз унинг фонида кўринмай қолганди”, — деб эслайди у. Эван дарҳол Рианнага уни буюк келажак кутаётганини айтади ва унга ўз продюсерлик компанияси ҳисобидан демо-альбом ёзишни таклиф қилади.
Қиз ўйлаб ҳам ўтирмай, рози бўлади. Онаси ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлайди. Шундай қилиб 16 ёшида Рианна мактабни ташлаб, мусиқий карьерасини қуриш учун Коннектикутга кўчиб кетади. Эван Рожерс Рианнага унинг биринчи тўрт қўшиғини (улар орасида унинг биринчи хити бўлган Pon de Replay треки ҳам бор эди) ёзишда ёрдам беради ва уларни мусиқий саноатдаги нуфузли одамларга юборади. Тез орада қизнинг мини-альбоми машҳур рэпер Жай-З қўлига тушади. Рэпер қизнинг иқтидоридан шунчалик таъсирланадики, унинг овозини биринчи марта эшитган куниёқ бирга ишлашни таклиф қилади. Саккиз ой ўтгач, Рианна ўзининг биринчи альбоми Music оf The Sun’ни чиқаради.
Унинг кейинги альбоми А Girl Like Ме 2006 йилда чиқади. Бир йил ўтгач, Good Girl Gone Bad альбоми дунё рейтингларини портлатади. Ушбу альбом туфайли Рианна барча континентларда тан олинган хонанда бўлиб, Umbrella қўшиғи поп-юлдузнинг ташриф қоғозига айланади. Композиция шунчалик машҳур бўладики, UК Singles Chart’да кетма-кет 10 ҳафта давомида энг юқори ўринни эгаллайди, 2000 йилларнинг рекорди бўлади. Umbrella шунингдек, Rolling Stone журнали томонидан барча вақтларнинг 500 энг яхши қўшиқлари рўйхатига киритилади ва Рианнага унинг биринчи “Гремми”сини келтиради.
Шундан бери у сон-саноқсиз мукофотлар ғолибига айланади, Канье Уэст ва Келвин Ҳаррис каби афсоналар билан ҳамкорлик қилади. Ҳозирги пайтда Рианна дунёдаги альбомлари энг кўп сотилган иккинчи санъаткор (Мадоннадан кейин) ва унинг бойлиги Forbes маълумотига кўра 1,7 миллиард доллардан ортиқ. Бироқ унинг даромадларининг асосий қисми мусиқий карьерадан эмас, балки 2010 йилларда ўзида кашф этган тадбиркорлик қобилиятидан келган. Рианна мода саноатига бефарқ эмаслигини ҳам саҳнадаги костюмлари, ҳам кундалик образлари орқали намойиш этар эди.
Рианна мода инфлюенсерлар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилади, уларнинг маҳсулотларини қўллаб-қувватлайди, аммо асосий юлдуз ва савдо ҳаракатчиси барибир ўзи бўлиб қолмоқда. Сўнгги пайтларда қўшиқчи камдан-кам ҳолларда қизил гиламда кўриниш беради ёки клипда суратга тушади, шунинг учун унинг ҳар бир кўриниши асосий воқеага айланмоқда.
Рианна иштирокидаги ҳар бир воқеани ўз брендини ривожлантириш йўлида мақсадли ишлатишини билади. Масалан, унинг Savage Х Fenty шоусидаги рақси 2019 йил сентябрда YouTube’да деярли 1,5 миллион марта кўрилади, бренднинг сиёҳ ранг кийимида тушган сурати Instagram учун рекорд даражада 10,3 миллионта лайк тўплайди.
Рианна аудиториясини ушлаб туриш ва йилдан йилга даромадини оширишда қайси қоидаларга амал қилади? Бу ҳақда қўшиқчи Т Маgazine нашрига берган интервьюда очиқчасига сўзлаб берди.
Шошилманг, ўрганинг
Рианнанинг тан олишича, мода саноатида баланд овоз билан дебют қилишдан бир неча йил олдин уни ўрганиш билан шуғулланган. Аввал у оддий истеъмолчи эди, лекин вақт ўтиши билан инклюзивлик чегараларини кенгайтирувчи илғор инфлюенсерларга айланиб борди. Шундан кейингина у бошқа аёллар учун кийим яратишда етарли тажриба тўплаганини ҳис қилади. Бу жараёнда у шошилмади ва дарҳол ўз номи билан “чиқиб кетиш”га интилмади. У учун энг муҳими маҳсулотнинг сифати ва унинг дунёга юбораётган ғояси эди. “Мен жуда сабрлиман, шу сабабли дизайнер сифатида ҳурмат қозониш учун секин ва эҳтиёткорлик билан ишладим”, — дея тушунтиради Рианна.
Муваффақиятсизликка учрасангиз ҳам қўрқманг
Рианнанинг кўплаб шиорлари ва ҳаётий тамойиллари бор. Аммо улардан бири поп-ижрочи учун шунчалик муҳимки, ҳатто уни танасига татуировка қилдирган. “Ҳеч қачон хато бўлмайди. Доим дарс”. Бошланган ҳар қандай янги иш муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин. Лекин шу билан бирга, бу ҳаётий дарс бўлади, унинг ёрдамида ўз устингизда ишлаш имкониятига эга бўласиз. “Хатолар қилмай туриб қандай ўрганмоқчисиз?” — дея жилмайиб сўрайди Рианна.
Шахсий бренд ва тижорий лойиҳаларингизни ажратиб олинг
Кўплаб машҳурлар ўзларининг номлари билан брендлар яратишади — Хилари Дафф парфюмерия ишлаб чиққанидан тортиб то Майли Сайрус кийим-кечак ва зеб-зийнатлар яратгунига қадар. Бозор уларнинг яратувчилари номи билан аталувчи турли хил нарсалар билан тўлиб-тошган бир пайтда Рианна бошқа йўлни танлайди. “Мусиқага алоқадор бўлмаган ҳар қандай янги лойиҳани бошлаганимда Fenty номидан фойдаланганман. Бирор нарса кўрганингизда ҳар сафар Рианна сўзини эшитишингизга тўғри келмаслиги учун, — дейди у. — Рианна одам, у мусиқачи. Аммо бошқа барча брендлар Fenty номи билан аталади”.
Ҳеч қачон кимлигингиз учун узр сўраманг
Албатта, Рианна инклюзивлик тарафдори. У ҳар бир одам ўз овозини эшита олиши керак деб ҳисоблайди. Ҳар бир киши — жинсидан, ижтимоий мақомидан ва аввалги ҳаёт тажрибасидан қатъи назар — севимли иши билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Лекин мода саноатида бизнесини бошлаганда ҳамма ҳам унинг ғоясини қўллаб-қувватламаслигини тушунган. Баъзилар учун у фақатгина қора танли, мактабни тамомламаган қўшиқчи эди холос.
“Ушбу омиллар ҳақиқатан ҳам муҳим, лекин мен ҳеч қачон ўз фикрига эга қора танли аёл бўлганим учун узр сўрамаганман”, — дейди Рианна. Унинг иши — ўз компаниясини бошқариш. “Мен бирор ирққа мансублигим учун бу ерда эмасман. Мен бу ердаман, чунки бу дунёга таклиф қила оладиган фикрларим бор,” — дейди у ишонч билан.
Унутманг: пул фақат восита, мақсад эмас
Пул муваффақиятга эришишда мотивацион омил бўлиши мумкин, лекин Рианна учун эмас. “Мен ҳеч қачон катта пул топишни орзу қилмаганман. Шу сабабли даромадим иш қобилиятимга таъсир қилмайди, — дейди у. — Мен учун пул оиламни қўллаб-қувватлаш, мен қизиққан бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш орқали бошқаларга ёрдам бериш имкониятидир”.
Изоҳ (0)