Хоразм вилоятида 1,4 миллиард сўм кредит маблағини ноқонуний четга олиб чиққан шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида “А.Д.” оилавий корхонаси масъул шахслари давлат кафолати остида олинган кредит маблағлари ҳисобидан импорт қилинган парранда боқиш ускуналарининг нархини сунъий равишда ошириб, аслида бозор баҳоси 1,1 миллиард сўм бўлган 25,9 минг парранда боқишга мўлжалланган ускуналарни гўёки 50 минг бош парранда боқишга мўлжалланганини кўрсатган.
Шу орқали улар ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 2,5 миллиард сўм кредитни “Ш.Й.” хорижий компаниясига ўтказишга эришиб, жами 1,4 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда хусусий боғча қуриш учун ажратилган 356 млн сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)