Ҳукумат қарори билан “Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Унга кўра, педагогик касбга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб 1 йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.
Касбий сертификатлаш жараёнига талабгор ўз муддатида жалб этилиши учун у фаолият кўрсатаётган давлат умумий ўрта таълим ташкилотининг раҳбари масъул ҳисобланади.
Талабгор назорат синовида қатнашиш учун сўровномани давлат хизматлари марказларига шахсан бориб ёки ЕИДXP (my.gov.uz)да тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтади.
Биринчи марта касбий сертификат олиш бўйича назорат синовида иштирок этиш учун талабгордан тўлов ундирилмайди. Касбий сертификат олиш учун назорат синови қоида тариқасида, ҳар йили март – май ойларида тест шаклида ўтказилади.
Назорат синови натижаси бўйича 56 ва ундан юқори балл тўплаган талабгор назорат синовидан ўтган ҳисобланади ва электрон шаклдаги сертификат унинг шахсий кабинетига юборилади.
Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиб, етарли балл тўплай олмаган талабгор билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Президентнинг “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида педагог кадрларга малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилиниши 2024 йилдан бошлаб ўтказилиши белгиланган.
Малака тоифаси беришнинг янги тартиби жорий қилингунига қадар малака тоифасини олиш бўйича синовларни ўтказишга мораторий жорий этилган бўлиб, мораторий давомида педагог кадрлар навбатдаги малака тоифасини олиш синовларига жалб этилмаслиги ҳамда уларнинг малака тоифасини тасдиқловчи сертификатнинг амал қилиш муддати навбатдаги синовларга жалб қилингунига қадар автоматик равишда узайтирилиши белгиланган.
Изоҳ (0)