Эронда Маҳса Аминийнинг амакиси Сафо Ааэли Ислом республикаси олий раҳнамосини ҳақорат қилиш ва ҳукуматга қарши ташвиқот олиб бориш каби бир қанча айблар билан беш йил-у тўрт ой ва 17 кунга қамалди. Бу ҳақда Hengaw хабар берди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, суд дастлаб 30 ёшли Ааэлини бир неча муддатга ҳукм қилган: ички хавфсизликка қарши фитна уюштиргани учун 3,5 йил, Оятуллоҳ Хоманаийни ҳақорат қилгани учун 15 ой ва Эрон режимига қарши ташвиқоти учун 7 ой 17 кун.
Бироқ суд Ааэлининг маълум муддат ҳибсда бўлганини инобатга олган. Шундай қилиб, барча жазолар сарҳисоб қилиниб, эронлик эркак қарийб 5,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судья жиноий қоидани қўллаган, унга кўра айбланувчи жазони қисмларга бўлиб ўташи мумкин: белгиланган муддатнинг бир йил икки ойини уч йиллик танаффус билан ўтайди. Бироқ олинган пауза вақтида Ааэли ҳар ой разведка хизматига ҳисобот бериши, шунингдек, таълим ва диний курслардан ўтиши керак бўлади.
Суд эронликка қамоқда бўлган вақтида “Аёллар, ҳаёт, эркинлик” ҳаракати норозиликлари пайтида ўлдирилган хавфсизлик ходими ҳақида биографик мақола ёзишни, уларни маҳбуслар ўртасида тарқатишни ва нашрнинг аудио версиясини маҳаллий ижтимоий тармоқлар учун ёзиб олишни буюрган. Шунингдек, Ааэлига икки йил давомида ҳукуматга қарши фикр билдириш ва Эрон ташқарисига чиқиш тақиқланган.
Изоҳ (0)