Саудия Арабистони 1967 йилги чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати тан олинмагунча, Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатмайди. Бу ҳақда қироллик Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Al Arabiya хабар берди.
Вазирликка кўра, дипломатик алоқалар ўрнатиш учун юқоридагига қўшимча тарзда Исроил Ғазодаги агрессиясини тўхтатиши ва у ердан қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиши керак. Саудия Арабистони Фаластин масаласида ва фаластинликларнинг қонуний ҳуқуқларини тан олиш борасида содиқ эканини таъкидлади.
“Қироллик Фаластин давлатини ҳали тан олмаган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларига мурожаат қилиб, уларни 1967 йил чегараларидаги пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини тан олишни тезлаштиришга чақиради, сабаби Фаластин халқи ўзининг қонуний ҳуқуқларига эга бўлсин, ҳамма учун кенг қамровли ва адолатли тинчликка эришсин”, — дейилади хабарда.
6 февраль куни Байден маъмурияти Саудия Арабистони ва Исроил алоқаларни нормаллаштириш бўйича музокараларни давом эттиришга тайёр экани ҳақида ижобий фикр билдирди.
Саудия Арабистонининг Форс кўрфазидаги қўшнилари, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн 2020 йилда Иброҳим келишувига биноан Исроил билан алоқалар ўрнатган.
Изоҳ (0)