Panorama Airways томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли Ўзбекистон фуқаролари умра сафаридан қайта олмаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, фуқароларни умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авиакомпания мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Транспорт прокуратураси тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Жиноят иши доирасида бир нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилганини, қолган фуқаролар ҳам яқин фурсатларда ватанга юборилишини маълум қилганди.
Туризм қўмитаси умра хизматларини сифатсиз кўрсатилишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкинлигини ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилишини билдирган.
Изоҳ (0)