Оҳангарон шаҳри ҳокими Акром Эшонқулов лавозимидан кетди. Бу ҳақда унинг ўзи ҳокимлик ахборот хизмати орқали маълум қилди.
Акром Эшонқулов 1976 йил 16 февралда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. У Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи.
Шаҳарнинг янги ҳокими меҳнат фаолияти давомида давлат бошқарув тизимида бир қатор вазифаларда ишлаган. Жумладан, у Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот таҳлил гуруҳи раҳбари, Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари — шаҳар ҳокими, Оҳангарон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимларида фаолият олиб борган.
У 2020 йил июнда Оҳангарон шаҳри ҳокими этиб тайинланган эди.
“Ўтган давр мобайнида сизлар билан ўтказган ҳар бир дақиқам ҳаётим зарварақларида ўчмас из қолдирди. Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам президентимизга шунча муддат сизлар билан елкама-елка ишлаш имкониятини берганидан чексиз миннатдорман.
Оҳангарон шаҳри менинг она шаҳримдек юрагимдан жой олди. Шаҳар равнақи йўлида нимага эришган бўлсам, барчасида сизларнинг меҳнатингиз беқиёс. Иш жараёнларида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчаларингиздан узр сўрайман. Хайр Оҳангарон шаҳрим. Хайр жонажон шаҳрим”, — деб ёзади Эшонқулов.
Аввалроқ Шерзод Солиҳов Чиноз тумани ҳокими этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди. Тайинловга қадар у Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Изоҳ (0)