Футбол бўйича Осиё Кубогининг чорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси 3 февраль, шанба куни Қатарга қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси шамоллаган ва жароҳат олган футболчилар борасида баёнот берди.
“Отабек Шукуров ҳамда Умар Эшмуродов респиратор касаллик натижасида бир оз бетоблиги сабаб сўнгги машғулотда иштирок эта олмади. Шифокорлар иккала футболчи бўлажак ўйинга қадар тузалиб, сафга қайтишини маълум қилмоқда.
Афсуски, Шерзод Насруллаевнинг жароҳатдан тўлиқ тикланиши қийин кечмоқда ва у турнирда иштирокини давом эттира олмайди. Тиббий штаб, мураббийлар, клубдаги шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда Насруллаевнинг муолажаларни Ўзбекистонда давом эттиришига рухсат берилди.
Игор Сергеев ЎФА таклифига кўра, америкалик таниқли жарроҳ доктор Зикриа Башир томонидан “Аспетар” клиникасида операция қилинди. Шифокорларнинг дастлабки тахминларга кўра, футболчимиз тўлиқ тикланиши учун 8 ой атрофида вақт талаб этилади”, — дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоасининг Қатарга қарши учрашуви 3 февраль куни Тошкент вақти билан 20:30 да старт олади.
Изоҳ (0)