АҚШ ва Саудия Арабистони мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тўхтатиб қўйган музокараларни қайта тиклади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Икки давлат ўртасидаги музокаралар Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий операция бошлагани сабаб тўхтатилган эди. Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбидаги Ал-Ула шаҳрида бир гуруҳ америкалик сенаторлар январь ойида қироллик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан музокара ўтказган. Кун тартибига “Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги тарихий ришталарни ҳам ўз ичига оладиган мудофаа шартномаси бўйича олдинги музокараларни қайта тиклаш” киритилган.
“Муҳаммад бин Салмон Исроилнинг ҲАМАСга қарши давом этаётган зарбалари ва Ғазода фаластинликларнинг ўлимидан бутун араб дунёсининг ғазабига қарамай, АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўришда давом этмоқда”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Саудия раҳбариятининг устувор вазифаларидан бири Байденни Ар-Риёд бошчилигидаги араб коалициясининг Яман ҳусийларига қарши зарбаларига жавобан 3 йил аввал ўрнатилган қурол савдосига қўйилган мораторийни юмшатиш ёки бекор қилишга кўндиришдир.
“Музокаралардаги асосий тўсиқ Саудия Арабистонининг позицияси бўлиб, у Исроил билан ҳар қандай келишув мустақил Фаластин давлатини яратиш шарти бўлиши кераклигини таъкидлайди, Исроил томони бунга кескин қаршилик кўрсатмоқда”, — деб ёзади Bloomberg.
Изоҳ (0)