Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда давлат раҳбари ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, йўл қурилиши ва эксплуатациясига хусусий секторни жалб қилиш, темир йўлда юк ташиш автомобилга нисбатан 3 баробар кўп вақт талаб қилаётгани, ҳаво ифлосланишини олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятидаги қолоқликлар кўрсатиб ўтилган.
Комплекс таркибига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KПИ белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларида қурилиш ва коммунал хўжалигига жавоб берадиган 1 нафар ўринбосар бўлиши қарор қилинди.
Аввалроқ транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилганди.
Изоҳ (0)