Шавкат Мирзиёев уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда янги уй-жойлар таннархига тўхталиб ўтди.
Президент қурувчилар учун молиявий ресурс етишмаслиги, бори ҳам қимматлигини қайд этди. Ресурс йўқлиги учун қурувчилар аҳоли маблағларини пойдевор қуйиш босқичида жалб қилиб, улушдор сифатида расмийлаштираётганини, айрим нопок қурувчилар ҳисобига одамлар ҳимоясиз қолаётганини айтди.
Ҳозирги амалиётга мувофиқ, кадастр ҳужжати йўқ уйга ипотека кредити бериш мумкин эмас. Шулардан келиб чиқиб, мутасаддиларга илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил қилиш топширилди.
Уй-жой қурилишига аҳоли улушдор бўлиб киришини ҳуқуқий тартибга солиш ва қурилиш корхоналарига айланма маблағни кўпайтириш вазифаси қўйилди.
2024 йилда 80 минг хонадонли 1 минг 800 та уй-жой қуриш ва “Янги Ўзбекистон” массивларини 38 тадан 45 тага етказиш мақсад қилиб олинди.
Изоҳ (0)