Наманганлик 90 ёшли Раҳбархон Юнусова ўзининг ширали ва кучли овози билан барчани ҳайратга солмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев ҳикоя қилмоқда.
Раҳбархон ая Учқўрғон туманида истиқомат қилади. 3 ўғил, 7 қиз, жами 10 нафар фарзандни дунёга келтирган, “Қаҳрамон она” унвонини олган. Ҳозир уларнинг энг каттаси салкам 70 ёшни қоралади.
Ая 50 йил давомида раҳматли турмуш ўртоғи Қўчқорвой Юнусов билан тумандаги жамоа хўжалигида ишлаган. Мавсумда 15 тонна пахта териб, Тожихон Асқарова номидаги мукофотни ҳам қўлга киритган. Чопиқ ва йиғим-терим пайтларидаги энг севимли машғулоти эса қўшиқ хиргойи қилиш бўлган.
“Ойимга ашула айтишга иштиёқ бувим Қумрихон аядан ўтган, у кишининг ҳам яхшигина овозлари бўлган. Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Хайрулла Лутfullаев, Ҳабиба Охунова, Турсуной Мамедова, Муножот Йўлчиеванинг қўшиқларини яхши кўриб эшитадилар. У кишининг йўлларидан ўғил-қизлар ичида мен кетдим — Маданий-оқартув техникумини тугатдим, ҳозирда маданият маркази директори бўлиб ишлаяпман. Она-бола бир бўлсак, басма-басига қўшиқ айтамиз, аммо овоздаги шира ва тембр борасида мени ортда қолдирадилар”, — дейди онахоннинг ўғли Турсунпўлат Юнусов.
Маълумот учун, Раҳбархон ая Юнусованинг ҳозирда 100 дан ортиқ невара-эвараси ва 12 нафар чевараси бор.
Изоҳ (0)