Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида фуқароларни АҚШ, Франция ва Канадага юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаролар К.С., М.О. ва О.З. фуқаро Ш.Ш.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Европа давлатлари орқали Америка Қўшма Штатларига юбориши ҳамда виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига 32 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, терговга қадар текширув давомида фуқаро О.З. фуқаро Ш.Ф.ни ва унинг оила аъзоларини Францияга бориши учун виза ҳужжатларини олиб бериши эвазига 3 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан ўзининг виза картасига ўтказиб олгани аниқланган.
Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Оқдарё тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ҳ.А. Г.М. ва Ж.А. фуқаро Р.М.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида 7 000 АҚШ доллари эвазига Канада давлатига ишга юборишини айтиб, олдиндан 1 500 АҚШ доллари ва 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)