Хонанда, бастакор, мусиқий продюсер ва Boney M. гуруҳи асосчиси Франк Фариан (ҳақиқий исми Франс Ройтер) 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақида “Правила жизни” хабар бермоқда.
Фариан Майамидаги уйида вафот этган. Унинг яқинлари ўлим сабабини очиқламади. 2022 йилда хонанда юрагида жарроҳлик амалиётини ўтказиб, юрак клапанини алмаштирган эди.
Фарианнинг катта машҳурликка эришиши Boney M. гуруҳини ташкил қилгани билан боғлиқ. Бастакор гуруҳ учун Daddy Cооl, Rasputin ва Maryʼs Boy Child каби хитларни ёзган.
Шунингдек, у Eruption, Precious Wilson, Far Corporation, Milli Vanilli, La Bouche каби яна бир қанча таниқли лойиҳаларга ҳам асос солган. 1990 йилда продюсер Milli Vanilli поп-гуруҳи фонограмма ижро этганини ва унинг икки аъзоси — хонандалар Роберт Морван ва Фабрис Пилатус гуруҳ қўшиғини айтмаганини тан олди. Можаролар фонида раққос қўшиқчилар ихтиёрий равишда “Грэмми” мукофотини маросим ташкилотчиларига қайтариб берган.
Маълумот учун, Франк Фариан 1941 йилда Германияда туғилган. 1961 йилда у ўзининг Frenki Farian und die Schatten гуруҳини ташкил қилади, лекин 1968 йилдан бошлаб яккахон қўшиқчи сифатида чиқиш қила бошлайди. 1976 йилдан эса Фариан унга катта машҳурликни олиб келган Boney M. гуруҳига асос солган.
Изоҳ (0)