Испаниянинг World2Meet туроператори Тошкент ва Урганчга чартер рейсларини йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар қилди.
Бу борада World2Meet NewBlue ва Kannak сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Чартер рейслари Мадридни Тошкент ва Урганч аэропортлари билан боғлайди ва World2Meet туроператорига тегишли World2Fly авиакомпаниясининг Airbus 330-300 самолётларида амалга оширилади.
Парвозлар икки босқичда — 8 майдан 12 июнгача ва 4 сентябрдан 30 октябргача ташкил этилади.
Kannak сайёҳлик компанияси директори Карлос Флоридо мазкур чартер рейслар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишини ишлаб чиққанини билдирди. Унинг айтишича, ушбу йўналишнинг ўзига хослиги шундаки, тур Урганчда бошланиб, Тошкентда тугайди ёки аксинча.
Бир ҳафта давомида ушбу йўналиш Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб минг километрга яқин масофани босиб ўтади. Республика бўйлаб саёҳат автобусларда амалга оширилади.
Изоҳ (0)