Фарғона шаҳрида қалбаки биологик актив қўшимча воситаларини муомалага киритилишига чек қўйилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “И.Ф.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси К.Т. ҳеч қандай ҳужжатсиз “И.П.” МЧЖга тегишли “Easecol BABY” савдо белгиси остидаги 453 дона қалбаки биологик актив қўшимча воситаларини сотувга қўйгани аниқланиб, ушбу воситалар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Сирдарёда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олингани, ДХХ Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар ушлагани, Тошкент вилоятида ўтказилган назорат-рейд тадбирларида синтетик гиёҳванд воситаларини тайёрловчи лаборатория ташкил қилган шахслар қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)