Эрон разведкаси ИШИД гуруҳининг икки аъзоси ўлдирилгани ва қатор етакчилари ҳибсга олингани ҳақида эълон қилди, шунингдек, бир неча йил аввал Теҳрон ғарбидаги Кобул университетига ҳужум уюштирган шахс топилди.
IRNA ахборот агентлигининг хабар беришича, Эрон Разведка вазирлигининг 19 январь, жума куни эълон қилган баёнотида Кирмондаги ҳужумдан бир неча кун ўтиб, яна теракт содир этиш мақсадида Эронга кириб келган икки “хорижий террорчи” мамлакат разведка кучлари томонидан ўзаро отишмаларда ҳалок бўлган. Эрон разведка вазирлиги маълумотларига кўра, уларнинг ўлдирилиши билан полиция марказларидан бирига ҳужум сценарийси зарарсизлантирилган.
Вазирлик маълум қилишича, ИШИДнинг яна саккиз нафар аъзоси, шу жумладан ушбу гуруҳ амирлари ва етакчилари аниқланиб, ҳибсга олинган.
ИШИД етакчиларидан бири Муҳаммад Имрон Танвир ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” бўлинмаси қўмондонларидан бири. У бомба ясаш бўйича мутахассис ва Кирмондаги ҳужумни режалаштирган “Абдуллоҳ Тожики”га алоқадор шахслардан бири экани айтилди.
Эрон Разведка вазирлиги эълонида Муҳаммад Имрон Танвир тахминан саккиз йил аввал ИШИД сафига қўшилгани ва минтақанинг бир қанча давлатларида бўлгани айтилади.
Эълонга кўра, ИШИДнинг ҳибсга олинган аъзоларидан бири “Маҳтоб” лақабли шахс бўлиб, у ҳам “Абдуллоҳ Тожики” билан боғлиқ ва Эронга ишчи ниқоби остида кириб келган.
Разведка вазирлиги, шунингдек, ИШИДнинг “Адел Панжшири” исмли бошқа етакчиси аниқлаганини ва у Теҳрон ғарбидаги ҳудудга кирганини билдирди. Вазирлик маълумотларига кўра, Адел ўтмишда Кобул университетида худкушлик ҳужумини режалаштирганликда айбланиб ҳибсга олинган. У бир йил Бағром қамоқхонасида сақланиб, озод қилинган ва яна жиноий фаолиятга ўтган. Шу пайтгача унинг атрофидаги бир қанча одамлар аниқланган ва ҳибсга олинган, бироқ Муҳаммад Адел Ареф қидирувда. Аделга тегишли сурат ҳам эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойида қуролли шахслар Кобул университетига ҳужум қилган ва бу ҳужумда аксарияти талабалардан иборат 22 киши ҳалок бўлган, 40 га яқин одам жароҳатланган эди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олди, бироқ аввалги ҳукумат расмийлари бунда “Толибон”ни айблади.
Изоҳ (0)