Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида ноқонуний равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган И.Б., Н.Т. ва Э.М. фуқаро А.А.га жами 5 минг долларини 62,1 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан 17,7 миллион сўм, 5 минг Россия рубли ва 25 доллар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Қизилтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Б.Х. жами 6 минг долларни фуқаро Н.Ф.га 74,7 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан 3,3 минг доллар ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай Навоий шаҳрида валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Ф.Қ. фуқаро Ш.Ҳ.га жами 5,5 минг долларни 68,4 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижон ва Қашқадарё вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)