Россиянинг Ленинград вилоятидаги нефть омборига 18 январга ўтар кечаси дрон ҳужуми амалга оширилди, бу Украина разведкаси томонидан амалга оширилган махсус операция ҳисобланади. Бу ҳақда махсус хизматлардаги манбага таяниб, “РБК-Украина” хабар берди.
Манбаларга кўра, гап “замонавий Украина воситаларини жалб қилган ҳолда” амалга оширилган Украина разведкасининг операцияси ҳақида кетмоқда. Ҳозирда маълумотларни йиғиш давом этмоқда, бироқ нишонларга зарбалар берилгани тасдиқланган.
“Бундан буён Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги ҳарбий объектлар Украина кучларининг қўли етиб борадиган зонадир”, — дейди манба.
Украина дронлари Ленинград вилоятига биринчи марта етиб боряптими, деган саволга манбанинг аниқлик киритишича, бу “биринчи марта эмас, лекин фарқлар бор ва уларни душман ҳис қилган”.
18 январь, пайшанбага ўтар кечаси Россиянинг бир қанча ҳудудларида портлаш овозлари эшитилган. Россия ҳукумати маълумотларига кўра, дрон “Петербург нефть терминали” нефть-газ компанияси ҳудудида қулаб тушган ва портлаган. Шунингдек, дрон парчалари денгиз порти ҳудудига тушган ва у ерда ёнғин чиққан.
“Бундан ташқари, операция давомида дронлардан бири олигархлар Аркадий ва Борис Ротенберг, Россия банки директорлар кенгашининг собиқ раиси Юрий Ковалчук ва Россия президенти Владимир Путиннинг саройларидан бири жойлашган Валдай устидан ўтган”, — дейди разведка хизматларидаги манбага таяниб, NV нашри.
Изоҳ (0)