Жиззахда террористик ташкилотга қўшилиб, жанговар тайёргарликдан ўтган шахс қидирилмоқда. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Равшан Тожибоев 1993 йилда Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида туғилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган тезкор-тартибот тадбирларида у Суриядаги “Таҳвид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти таркибида жанговар ҳаракатларда иштирок этаётгани аниқланган.
Унга нисбатан 2016 йилда Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисми, 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Бундан аввал халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилган ўзбекистонлик эркак ва унинг ўғли қидирувга берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, қизлари билан халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари аъзоси бўлган ўзбекистонлик аёл ҳам қидирилмоқда. Ушбу аёл ҳам Россияда яшовчи эркак билан танишиб, икки қизи билан дастлаб Озарбайжон орқали Туркияга, у ердан эса Сурияга борган ва халқаро террорчилик ташкилотининг жангариларига бориб қўшилган.
Изоҳ (0)