Бош прокуратура ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида мутахассислар иштирокида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги хабарлар ва уларга сабаб бўлаётган ҳолатларнинг муҳокамаси ўтказилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг сабабларига тўхталиб, шаҳарда сунъий кўллар, сув ҳавзалари, яшил қопламаларнинг камайиб кетгани, минтақада сув танқислиги сабаб чўллашишнинг кенгайиб бораётгани, автотранспорт воситалари, ёқилғи энергетикаси ҳамда сувдан тежамкорлик билан фойдаланишда муайян қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмаётгани, атмосферага меъёридан ортиқ ташламалар ташланаётганига урғу берилган.
Йиғилиш якуни бўйича атмосфера ҳавосини “Автомобильсиз кун”, ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш, жамоат транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, стандарт минимумини “Евро-4”га кўтариш, саноатда кўмир ёқилғисидан воз кечиш ва шу каби кўплаб таклифларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишга келишилган.
“Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳаво ифлосланишини автоматик усулда мониторинг қилишга мўлжалланган замонавий Horiba станциялари билан таъминланган бўлиб, ҳаво ифлосланиши бўйича расмий маълумотларни эълон қилиб боради. Ҳаво ифлосланиши бўйича маълумотлар билан ишлашда расмий манбаалардан фойдаланган ҳолда, норасмий манбааларга таянмаслик тавсия этилади”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ 3 январь куни Тошкент шаҳри дунёнинг ҳаво сифати энг ифлос шаҳарлари рейтингида 4-ўринга чиққани хабар қилинганди. Бундай ҳавода шаҳар аҳолисига кўчада ниқоб тақиб юриш, деразаларни очмаслик, уй ичини намлантирувчи воситалар билан тозалаш тавсия этиб келинади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент 22 декабрь куни ҳам ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 4-ўринга чиққанди.
Изоҳ (0)