Россия президенти Владимир Путин Украинани босиб олган тақдирда ҳам, тинчимайди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Вильнюсда Литва президенти Гитанас Науседа билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади “Gazeta.ua”.
“У (Путин) тўхтамайди. У бизни бутунлай босиб олмоқчи. Баъзида ҳамкорларнинг Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишдаги ноаниқликлари Россияга куч қўшади.
Агар Украина муваффақиятсизликка учраса, кейинги ўринларни Литва, Латвия, Эстония, Молдова эгаллаши мумкин. Яқинда у Финляндия ва Ўзбекистон ҳақида гапира бошлади. Ҳаммамиз биргаликда уни тугатмагунимизча, Путин тўхтамайди”, — деди Зеленский.
Зеленский урушни “музлатиш” учун шерикларидан ҳеч қандай босим сезмаётганини айтди.
“Ҳимоямизни тугатиш борасида шерикларимиз томонидан босим йўқ. Мен жанговар ҳаракатлар тўхтатилади, деб айтмаган бўлардим. Ахир бу бизнинг мудофаамиз”, — деди у.
Аввалроқ россиялик ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олишни ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилганди. Шу муносабат билан Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.
Изоҳ (0)