Наманган шаҳар Ислом Каримов кўчасида 1 январь кечаси бир қатор қоидабузарликларни содир этган Mercedes-Benz ҳайдовчисига чора кўрилди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати.
Instagram'даги профил эгаси Mercedes-Benz русумли автомобилни Наманган шаҳри кўчаси бўйлаб бошқариб, буни саҳифасида жонли ёритиб борган. У автомобилни бошқариб бораркан, қаторасига бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган. Хусусан:
- туси ўзгартирилган транспорт воситасидан фойдаланиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 7.4-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси;
- ҳаракат вақтида уяли алоқа воситасидан фойдаланиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-1-моддаси;
- светофорнинг қизил ишорасига бўйсунмай, Йўл ҳаракати қоидаларининг 31-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-4-моддаси;
- йўл ҳаракати қоидаларининг 11-бандини бузиб, авария ҳолатини келтириб чиқаргани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси;
- йўл ҳаракати қоидаларининг 179-бандини бузиб, автомобиль давлат рақами белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси;
- тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
“Машинани ҳайдаш учун эгасидан вақтинчалик сўраб турганмиз. Шу сабабли машинада озгина синов ўтказдик, бу ўзимга ва ён атрофимдагиларга жуда хавфли нарса экан. Етарлича хулоса чиқардим, Ўзбекистон ва Наманган халқидан узр сўрайман”, — дейди 20 ёшли ҳайдовчи.
Қоидабузар ҳайдовчи бошқарувида бўлган Mercedes-Benz автомобили жарима майдонига жойлаштирилган.
Сентябрь ойида йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилган Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов етти ой давомида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 1 115 киши ҳалок бўлгани, 4 минг 564 нафари турли тан жароҳатлари олганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)